Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари оқибатида 23 июнь куни 43 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Қурбонлар орасида АҚШ ва Исроил томонидан қўллаб-қувватланадиган Ғазо гуманитар жамғармаси (ҒГЖ) томонидан бошқариладиган ёрдам марказларида озиқ-овқат олишга уринган камида 20 нафар фаластинликлар бор эди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти жамғармани “қуролга айлантирилгани” учун қоралаб келмоқда. Тиббий манбаларга кўра, урушда ҳалок бўлган фаластинликларнинг умумий сони эса 56 мингдан ошган.
Озиқ-овқат тарқатиш пунктларига ёрдам олиш учун келаётган фаластинликлар деярли ҳар куни ҳужумга учрамоқда. Танқидчилар очлик кучайиб бораётган ва яқинлашиб келаётган очарчилик инқирози шароитида бу марказларни “одам кушхоналари” деб атаган.
Исроилнинг ёрдам марказларидаги фаластинликларга ҳужумлари оқибатида 27 май куни ҒГЖ иш бошлаганидан бери 400 дан ортиқ одам ҳалок бўлиб, 1000 га яқин киши яраланган. Шунингдек, Wаfа агентлиги Ғазо шимолидаги Жабалия шаҳридаги турар жой биносига Исроил томонидан уюштирилган ҳаво ҳужуми оқибатида камида 4 киши ҳалок бўлгани ва яна бир неча киши яралангани ҳақида хабар берган. Яна 3 ака-ука Исроил кучлари томонидан Ғазо шимолидаги Байт Лаҳия ҳудудидаги ал-Салатин ҳудудида вайрон бўлган уйларини текшириш чоғида ҳалок бўлган.
Ғазо марказидаги ал-Авда касалхонаси 2 фаластинликнинг жасадини қабул қилгани ва Салоҳ ад-Дин кўчаси бўйлаб тўпланган оломонга Исроил зарбалари оқибатида жароҳатланган яна 35 кишини даволаганини маълум қилган. Ярадорларнинг 16 нафари оғир аҳволда бўлиб, марказий губернаторликнинг бошқа шифохоналарига ўтказилгани айтилган. Исроил артиллерияси Ғазо шаҳри шарқидаги Шужаеа маҳалласини ҳам ўққа тутган.
Сўнгги қурбонлар сони Исроил уруш бошланганидан бери ҳудудда ҳалок бўлганлар сони 56 мингдан ошган, камида 131 559 киши яраланган.
Энергетика инқирози
Норвегия қочқинлар кенгаши (NRC) ишончли энергия манбаларининг йўқлиги Ғазода омон қолиш учун асосий таҳдид эканлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Электр энергияси ва ёқилғи каби “энергетикадан фойдаланишни қасддан узиб қўйиш” анклавда “инсоннинг асосий эҳтиёжларига путур етказади” дейилади NRC ҳисоботида.
“Ғазода энергия қулайликни эмас, балки омон қолишни англатади. Одамлар овқат пиширолмай қолса, шифохоналар қоронғилашса, сув насослари ишламаса, бунинг оқибати аянчли бўлади. Халқаро ҳамжамият барча гуманитар саъй-ҳаракатларда энергияни биринчи ўринга қўйиши керак”, деди NRC ижрочи директори Бенедикт Гиаэвер.
Ҳисоботда таъкидланишича, электр энергияси йўқлиги Ғазодаги соғлиқни сақлаш муассасаларига салбий таъсир кўрсатган. Шошилинч жарроҳлик амалиётларини кечиктиришга тўғри келмоқда. Сунъий нафас олиш аппаратлари, инкубаторлар ва диализ аппаратлари ишламаяпти.
Изоҳ (0)