Ўзбекистонда электрон тижоратда курерлик хизмати фаолиятини амалга ошириш тартиби белгиланди.

“Электрон тижоратда курерлик хизмати фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Мазкур низом Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Низом электрон тижорат иштирокчилари – сотувчилар, харидорлар, электрон тижорат операторлари, етказиб бериш хизмати операторлари ва курерлар ўртасидаги муносабатлар шаффофлашувига, хавфсиз, сифатли ва стандартларга мувофиқ етказиб бериш тизимини йўлга қўйишга ҳамда электрон тижоратда етказиб бериш хизматларини кўрсатишни ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган.
Низомга кўра, курер тадбиркор ҳамда етказиб бериш хизмати операторлари билан меҳнат шартномаси ва (ёки) фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида товарларни етказиб берувчи жисмоний шахс, шу жумладан ўзини ўзи банд қилган шахс ҳисобланади.
Етказиб бериш хизмати операторлари ва курерлар, шартномада назарда тутилган бўлса, харидорлардан товар ва (ёки) етказиб бериш хизматлари учун тўловларни қабул қилишга ҳақли. Бунда, назорат-касса техникасини мажбурий қўллаш ёки электрон ёхуд қоғоз шаклида чек (квитансия) тақдим этилиши лозим. Етказиб бериш хизмати шартлари ва параметрлари (муддати, нархи, тўлов усуллари, етказиб бериш ҳудуди) буюртма расмийлаштирилаётган пайтда харидорга маълум қилиниши шарт.
Озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришда транспорт воситалари ва термоконтейнерларни тоза ҳамда соз ҳолатда бўлиши, мунтазам ювилиши ва дезинфекция қилинишига амал қилиш лозим.
Курерга қуйидагиларни амалга оширишга йўл қўйилмайди, жумладан:
- товарнинг қадоғини ўзбошимчалик билан очиш;
- харидорларнинг шахсий маълумотлари ва етказиб берилаётган товар ҳақидаги маълумотларни учинчи шахсларга ошкор қилиш.
Етказиб бериш хизматлари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
- ишончлилик: товарни ташиш вақтида унинг бутлигини, истеъмол хусусиятлари ва товар кўриниши сақланишини таъминлаш;
- ўз вақтида етказиш: харидор билан келишилган муддат ва етказиб бериш интервалларига риоя қилиш. Кутилган ёки юзага келган кечикишлар ҳақида харидор ўз вақтида хабардор қилиниши шарт;
- хавфсизлик: товар, харидор ва курер хавфсизлигини таъминлайдиган барча меъёр ва қоидаларга риоя қилиш;
- ахборот бериш: харидорга етказиб бериш ҳолатини кузатиш имкониятини (техникавий имконият мавжуд бўлса) ҳамда курер етиб келишининг тахминий вақти ҳақида ахборот олиш имконини яратиш.
Етказиб бериш хизматларини кўрсатишда Ўзбекистон ҳудудида харидорларга товар реализация қилаётган тадбиркорлик субъектлари ва/ёки етказиб бериш хизмати операторлари, амалдаги қонунчилик ҳамда тузилган шартномаларга мувофиқ белгиланган талаблар доирасида харидорлар ва курерларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни кўради.
Изоҳ (0)