Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги кўрсатмаларни таҳлил қилиш ва сўроқларни тайёрлашда ёрдам берадиган, шунингдек, тергов муддатини қисқартирадиган янги лойиҳа — терговчининг интерактив ёрдамчисини ишга туширди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, ташаббус президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг сунъий интеллектни жадал ривожлантириш бўйича топшириғини бажариш мақсадида амалга оширилган. Сунъий интеллект “Судгача текширувларнинг ягона реестри” ахборот тизимига жойлаштирилган бўлиб, терговчиларга кундалик ишларни автоматлаштириш имконини беради
Янги тизим нутқни матнга айлантириш, турли шахсларнинг кўрсатмаларини таққослаш ва улардаги зиддиятларни аниқлаш, сўроқ учун аниқлаштирувчи саволларни таклиф этиш ҳамда процессуал ҳужжатларни автоматик тарзда шакллантиришни уддалайди.
Сунъий интеллект тўртта асосий модулни ўз ичига олади: терговни режалаштириш, кўрсатмаларни қайта ишлаш, ҳужжатларни тайёрлаш, таҳлил ва башоратлар.
Таъкидланишича, лойиҳа тергов муддатини қисқартиришга ёрдам беради ва терговчиларни техник ишлардан халос этади. 19 июндан бошлаб тизим пойтахтнинг Есил тумани полиция бошқармасида синов тартибида ишлай бошлаган. Келгуси ҳафтада уни Ақмўла вилоятидаги Қўшчи шаҳар полиция бўлимида ишга тушириш режалаштирилган.
Изоҳ (0)