Қозоғистоннинг Magnum супермаркетлар тармоғи уч ярим йиллик фаолиятдан сўнг Ўзбекистон бозорини тарк этмоқда. Бу ҳақда Forbes Kazakhstan хабар берди.

Маълум қилинишича, ритейлер қатор супермаркетларини аллақачон ёпган, қолганларида ҳам охирги товарлар сотиб тугатилмоқда.
Magnum Cash&Cаrry бу Қозоғистонда 200 дан ортиқ савдо нуқтасига эга бўлган, ҳар куни юз минглаб мижозларга хизмат кўрсатадиган йирик тармоқдир. Ўзбекистон бозорига 2021 йил декабрида Тошкентда иккита гипермаркет очиш орқали кириб келганди.
2023 йил августида у Majid Al Futtaim LLC Uzbekistan компаниясининг бизнесини сотиб олиб, француз Carrefour тармоғининг собиқ дўконларини ўз балансига ўтказди. Бу орқали савдо нуқталари сони еттитага етди. Компания вакиллари 2024 йилда яна 10 та савдо нуқтасини очиб, тармоқлар сонини 17 тага етказишини эълон қилганди.
Бироқ 2024 йил бошидан бошлаб ушбу кенгайиш режалари тўхтаган. 2024 йил февраль ойида Тошкентдаги Magnum Қоратош савдо нуқтаси ёпилди. 2025 йил май ойида эса яна икки савдо нуқтаси — Magnum Юнусобод ва Magnum Атлас Чилонзор расман бошқа манзилга кўчирилгани ҳақида хабар берилган бўлса-да, улар аслида ёпилган. 2025 йил 16 июнь куни эса Magnum Самарқанд Дарвоза савдо нуқтасининг ёпилгани тўғрисида хабарлар тарқалди.
EastFruit’нинг ёзишича, 2025 йил 17 июнь ҳолатига кўра, Magnum тармоғи Ўзбекистон ҳудудида фақат Тошкент шаҳрида жойлашган учта савдо нуқтасида фаолият юритмоқда.
Изоҳ (0)