Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳаббат Қурбоnova YouTube’даги “Дарё lifestyle” сайтига берган интервьюсида саҳнани тарк этгани, ота-онасининг ўлими ва саҳнадаги душманчиликлар ҳақида гапирди.

— Бир йил аввал Рамазон ойида умра сафарига бордим. У ерда нима содир бўлди, билмадим, аммо қайтгач, ортиқ саҳнада рақс тушмасликка қарор қилдим. Кўпчилик “Бундан афсусланмаяпсизми”, деб сўрашади. Шу кунгача бирор марта афсус чекмадим. Чунки мен анчадан буён саҳнадан кетиш ҳақида ўйлаб юргандим. Боиси фарзандларим улғайиб қолди, 5 йил аввал ҳам уларнинг олдида қандайдир ноқулайлик ҳис қилмасдим. Болаларнинг ёши улғайгандан кейин барибир инсон тортинар экан. Шу боис, саҳнадан кетишга ва билганларимни болажонларга ўргатишга қарор қилдим.
Ҳозирда Тошкент шаҳрида тўртта хусусий рақс мактабим бор, уларнинг барида ўзим ишлайман. Бошқа малакали ёрдамчи устозларимиз ҳам бор. Бундан ташқари, бир неча йилдан буён Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ҳам талабаларга актёрлик маҳоратидан дарс бераман.
Раққосалик даврим гуллаб-яшнаган вақтларда онам “Рақс мактабини очиб қўй, болалар билан ишлай оласан”, деб ишонч берганди. Онамнинг тавсияси билан бу мактабга асос солганман, дейди Муҳаббат Қурбонова.
Муҳаббат Қурбонова баъзи ижтимоий тармоқ кузатувчиларининг негатив муносабатларига ўз муносбатини билдирди.

— “Ўзингиз рақсдан кетибсиз, нега бошқа қизларга устозлик қилиб, уларнинг раққоса бўлишига сабабчи бўлаяпсиз”, деб ёзадиганлар ҳам бор. Одамлар бир нарсани тўғри тушунишларини истайман, рақс фақат раққоса бўлиш учун ўрганилмайди. Ёш қизчаларнинг қомати чиройли ривожланиши, одамлар орасида ўзини эркин ҳис қилиши учун ҳам рақс ўрганилади. Ҳозирги болаларнинг аксарияти телефонга муккасидан кетган. Ўтириб соатлаб телефон ўйнашади, бу ўз-ўзидан қоматнинг нотўғри ривожланишига сабаб бўлади. Ҳаттоки, шунақа болаларни ҳам кўрганманки, 8-9 ёшда ҳам чап ва ўнг қўлни ажратолишмайди. Оналар ишлашгани учун болаларининг овуниб телефон ўйнаб ўтиришини маъқул кўришади.
Яқинда бир болани олиб келишди. Унга ногиронлик ташҳиси қўйилган экан. Уни қабул қилдим ва бирга ишлай бошладик. Аста секин у атрофга мослашди, рақс сабаб соғлиги ҳам тикланяпти. Бундай ўқувчиларим жуда кўп. Қувонарлиси, ҳозир уларнинг кўпчилиги асосий таркибда рақсга тушишяпти, дейди Муҳаббат Қурбонова.
Муҳаббат Қурбонова кетма-кет ота-онасидан айрилгани ва ҳаёт ҳақиқатини англаб етгани ҳақида гапирди.

— Қиз боланинг отасига меҳри бўлакча бўларкан. Онамни яхши кўрардим, аммо отамсиз менга ҳаёт йўқ эди. Онам вафот этганидан кейин, ота ҳам кўп яшамади. Пандемия кўп инсонлар каби ҳам мени ҳам отамдан айирди. Ҳар куни тонгда қўнғироқ қилиб, “мени бу ердан олиб кетинглар”, дерди. Отамни узоқ вақт кўрмаганмиз, охири Озодбек Назарбековнинг ёрдамлари билан кўнгилли сифатида касалхонага ишга жойлашдим. У ердаги манзара ниҳоятда даҳшатли эди. Кунига кўплаб одамлар вафот этарди. Юзимдаги махсус ҳимоя балонини ечиб, ўзимни кўрсатганимда қувониб кетгандилар. Беш кун ўша ерда бўлдим, кўпчилик инсонларга ёрдам бердим. Отамни соғайтириб, шу ердан олиб чиқиб кетаман, деб ният қилгандим. Афсуски, ундай бўлмади. Ўпканинг 75 фоизи зарарлангани учун аҳволлари ёмонлашиб, вафот этди. Ўлимидан аввал эса “Уйимга олиб бор, ўлигим ўша ердан чиқсин”, дедилар. Вазият ниҳоятда оғир эди, аммо отамнинг сўнгги илтимосини бажаришга қарор қилдим.
Ҳамиша отам ўғлим йўқ деб ўксинишларини истамасдим. Отам ҳаётимдаги энг яхши ва идеал инсон эди, дейди Муҳаббат Қурбонова.
Суҳбатни тўлиқ ҳолда қуйидаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.
Изоҳ (0)