Келаси мавсум бошида “Реал Мадрид” бош мураббийига айланиши кутилаётган “Байер” устози Хаби Алонсо аллақачон “қироллик клуби”ни кучайтириш устида бош қотиряпти.

Испаниялик журналист Хоакин Марото берган маълумотга кўра, Алонсо клуб раҳбариятидан “Реал Сосьедад” ярим ҳимоячиси Мартин Субимендини трансфер қилишни сўраган.
26 ёшли футболчи мадридликларнинг қизиқишига ижобий муносабат билдирган ва ёзги трансфер ойнасида “Реал Сосьедад”ни тарк этиб, “қаймоқранглилар” сафига ўтишга “яшил чироқ ёққан”.
Шунингдек, Субимендига узоқ вақтдан бери “Арсенал” ҳам жиддий қизиқиш билдириб келмоқда. Лекин испаниялик футболчи Англия Премьер Лигасига ўтишдан кўра Ла Лигада қолишни афзал кўрган.
Хабарларга кўра, Мартин ва “Реал Сосьедад” ўртасида тузилган шартномада 60 миллион евролик товон пули белгиланган. Уни ўз сафида кўришни истаган харидорлар ушбу маблағни тўлаши талаб этилади.
Маълумот учун, Субименди жорий мавсум Ла Лига доирасидаги 32 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 2 та гол ва 2 та ассист ёздириб қўйган. Унинг клуб билан шартномаси 2027 йилнинг ёзига қадар амал қилади.
Изоҳ (0)