Хитой 2050 йилга келиб тоза энергия ишлаб чиқариш учун термоядровий синтез технологиясидан фойдаланиши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

“Сунъий қуёш” деб номланаётган Хитой қурилмаси токамак бўлиб, у ўта қиздирилган плазмани ушлаб туриш ва термоядровий реакцияларни давом эттириш учун кучли магнит майдонларидан фойдаланади. 2023 йилда технологияни ишлаб чиқиш учун 240 миллион доллар миқдорида сармоя жалб қилинган.
Таъкидланишича, ҳозирга қадар термоядровий синтезни ўрганишда фақат бир нечта давлатлар, жумладан, АҚШ, Россия ва Жанубий Корея сезиларли ютуқларга эришган. Бироқ, Хитой бу соҳада етакчилардан бири бўлиш учун илмий-техник саъй-ҳаракатларини оширмоқда.

Термоядровий синтез соҳасидаги тадқиқотлардан ташқари, Пекин кичик қувватли реакторлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва анъанавий атом электр станциялари сонини оширишни режалаштирмоқда.
Термоядро синтези — бу енгил атом ядроларининг оғирроқ ядроларга айланиши ва бу жараёнда катта миқдорда энергия ажралиб чиқиши жараёнидир. Бу механизм Қуёш ва бошқа юлдузларнинг ишлаши асосида ташкил этилади.
Атом ядроларининг бўлинишига асосланган анъанавий ядро энергетикасидан фарқли ўлароқ, термоядро реакцияси радиоактив чиқиндилар ҳосил қилмайди ва деярли тугамас энергия манбаи ҳисобланади.
Изоҳ (0)