Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов Ўзбекистон оғир атлетика федерациясига раис бўлди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон оғир атлетика федерациясининг 2024 йил якунлари, 2025 йилги режаларга бағишланган ҳисобот-сайлов йиғилиши ўтказилиб, унда Шерзод Ҳидоятов федерация раиси этиб сайланди.
Шерзод Хидоятов 1980 йилнинг 20 августида Тошкент шаҳрида туғилган. 2006 йилда Тошкент давлат техника университетини тугатган. Меҳнат фаолиятини 1998 йилда Олий хўжалик судининг Ташкилий-назорат бошқармаси умумий бўлимида нусха кўчириш бўйича нозирликдан бошлаган. Турли йилларда бир қатор корхона ва ташкилотларда меҳнат қилган.
Шерзод Ҳидоятов 2021 йилда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири бўлган. 2022 йилнинг охиридаги маъмурий ислоҳот давомида Қурилиш ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари бирлаштирилган. Ўшанда Шерзод Ҳидоятов Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари, 2024 йилнинг августида эса Ботир Зокиров ўрнига вазирлик раҳбари этиб тайинланган.
Изоҳ (0)