Россия қўшинлари Украина шарқида олдинга силжишда давом этмоқда, уларни тўхтатиш ва фронтни барқарорлаштириш жуда қийин иш, дея Украина президенти Владимир Зеленский маълум қилди.
“Январь ойида фронтни барқарорлаштириш учун қўлдан келганча ҳаракат қиламиз. Бу жуда мушкул”, дейди Зеленский.
Украина президенти, шунингдек, Америка ҳарбий ёрдами билан келгусида нима бўлишини билмаслигини айтди.
“Биз Американинг янги маъмурияти бизни қўллаб-қувватлашини кутамиз”, дея тушунтирди у.
Зеленскийнинг таъкидлашича, АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп инаугурациядан кейин биринчилардан бўлиб уни қабул қилишига ваъда берган.
“Ўйлайманки, инаугурациядан кейин Трамп билан учрашамиз. Биз бутун режани тушунган ҳолда иш бошлаймиз”, деди Украина раҳбари.
Зеленский Трампнинг тинчлик режаси Киев позициясига тўғри келишига умид билдирди, шу билан бирга Трамп бошқарувидаги Вашингтон Москва билан ҳам фаол алоқага киришишини истисно этмади.
“Бу тушунарли, чунки улар ким нимага тайёрлиги каби кўп тафсилотларни ўрганишади. Ўйлайманки, биринчи давр шундай бўлади. Кейинги қадамлар урушнинг қизғин босқичига якун ясаши керак”, дея қўшимча қилди Зеленский.
2024 йилнинг сўнгги ҳафталарида Россия Мудофаа вазирлиги мунтазам равишда Донбассдаги олға силжиш ва кўпроқ аҳоли пунктлари устидан назорат ўрнатилаётгани ҳақида хабар бериб турди.
30 декабрь куни ДХРнинг Новооленовка қишлоғи рус қўшинлари назоратига ўтди. Қишлоқ Покровский туманидаги Украинка ва Novoeлизаветовка аҳоли пунктлари яқинида жойлашган. Бунгача украиналик ҳарбийлар Покровск яқинидаги бир нечта аҳоли пунктларини: Зеленовка, Успеновка ва Новопустинка, Новй Труд, Новотроицк ва бошқаларни тарк этган.
Зеленский халққа қилган Янги йил мурожаатида Трамп Украина можаросини тинч йўл билан ҳал қилишга қодирлигини қайд этган.
“Американинг янги президенти тинчлик ўрнатиши, Путиннинг агрессиясига чек қўя олишига шубҳам йўқ. Бу икки томонни тинчлантириш керак бўлган кўча безорилиги эмас. Мен ишонаманки, биз Қўшма Штатлар билан биргаликда Россияни адолатли тинчликка мажбурлашга қодирмиз”, деган эди Украина президенти.
Изоҳ (0)