UFC 18 январь куни Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган UFC 311 турнирида икки катта жанг ҳақида маълум қилди.
Унга кўра, Ислом Махачев Арманистон вакили Арман Царукянга қарши, грузиялик Мераб Двалишвили эса яна бир россиялик Умар Нурмагомедовга қарши октагонга кўтарилади.
Эслатиб ўтамиз, Махачев ва Царукян ўртасидаги биринчи жанг 2019 йил апрель ойида UFC Fight Night 149 турнирида бўлиб ўтган ва ҳакамларнинг якдил қарори билан Махачевнинг ғалабаси қайд этилган. Исломнинг MMA’да умумий ҳисобда 26 та ғалаба ва 1 та мағлубияти бор.
Умар Нурмагомедов ўзининг сўнгги жангини 2024 йил август ойида америкалик Кори Сендлхегенга қарши ўтказди ва очколар ҳисобида ғалаба қозонди. Ҳозиргача у MMA’да 18 та жангда қатнашиб, барчасида ғалаба қозонган.
Мераб Двалишвили эса 2024 йил сентябрь ойида америкалик Шон O’Мелли устидан ҳакамлар қарорига кўра ғалаба қозониб, чемпионлик камарини қўлга киритган.
Изоҳ (0)