Акбар Султонов “Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда уюшма матбуот хизмати хабар берди.
25 ноябрь куни “Ўзчармсаноат” уюшмаси ва унга аъзо тадбиркорлик субъектларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ташкилий масалалар кўриб чиқилиб, “Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси лавозимига Акбар Султонов бир овоздан тасдиқланди. Шунингдек, уюшма кенгашининг янги таркиби сайланди.
Акбар Султонов 2021 йил май ойидан буён уюшма раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди. Уюшма раиси лавозимида эса 2020 йил апрель ойидан буён Фахриддин Бобоев фаолият юритган. У 2024 йил 18 март куни бошқа ишга ўтгани муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Ундан аввал “Ўзчармсаноат” уюшмасига Сардор Умурзоқов раислик қилган.
Йиғилишда 2024—2025 йилларга мўлжалланган чарм-пойабзал ва мўйна саноатини ривожлантиришнинг мақсадли параметрлари ҳам тасдиқланди. 2024 йилда чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2,7 миллиард квадрат дециметр, пойабзал маҳсулотларини 205 миллион жуфтга, чарм-атторлик маҳсулотларини эса 143 миллион донага етказиш чоралари белгиланди. 2025 йилга келиб, бу кўрсаткичлар янада оширилиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)