«Ўзчармсаноат» уюшмаси ҳамда Бухоро муҳандислик технология институти билан ҳамкорликда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, илм фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада ривожлантириш мақсадида, Бухоро шаҳрида жорий йилнинг 1—2 июнь кунлари «Янги Ўзбекистон ёшлари» шиори остида «Пойабзал, чарм-атторлик, чарм кийим ва аксессуарлар-2021» кўрик танлови ташкил этилди.
Танловдан кўзланган асосий мақсад илм-фан ва ишлаб чиқаришни бир-бири билан боғлаш, таълим муассасалари ва корхоналар ўртасида кооперация алоқаларини ўрнатиш, иқтидорли, янгича фикрлайдиган ва салоҳиятли ёшларни аниқлаш орқали корхоналарнинг малакали мутахассисларга бўлган талабини қондириш ва ёшларнинг янги ишланмаларини ишлаб чиқаришни жорий қилиш ҳисобланади.
Чарм-пойабзал соҳасидаги мода оламининг сўнгги янгиликлари, халқаро подиум ва соҳанинг замонавий тенденцияларини ўзида жамлаган танловда соҳанинг чарм-пойабзал ва мўйначилик корхоналари, Бухоро, Тошкент, Наманганда жойлашган олий таълим муассасаларнинг 50 дан ортиқ ёш дизайнерлари янги коллекциялари билан иштирок этди.
Янги илҳом ва кўп қиррали ижодий ишланмалар намойишига айланган танловда ҳар бир йигит-қиз ўзига хос пойабзаллар, чарм-атторлик буюмлари, қоракўл маҳсулотлари, декоратив дизайндаги буюмларни соҳа профессионалларига ва ишлаб чиқарувчи корхоналар эътиборига тақдим этди.
Танлов иштирокчилари 10 та:
- энг яхши эркаклар пойабзали дизайни
- энг яхши аёллар пойабзали дизайни
- энг яхши болалар пойабзали дизайни
- энг яхши спорт пойабзали дизайни
- энг яхши чарм-атторлик махсулотлари дизайни
- энг яхши чармдан тайёрланган аёллар кийими дизайни
- энг яхши чармдан тайёрланган эркаклар кийими дизайни
- энг яхши қоракўлдан тайёрланган кийимлар дизайни
- энг яхши бош кийим дизайни
- энг яхши декоратив безак дизайни йўналишида ўз истеъдод ва иқтидорларини синовдан ўтказди.
Икки кун давомида бўлиб ўтган танловда, 50 дан ортиқ коллекцияда200 га яқин ижодий ишлар намойиш қилинди. Улар коллекция мавзусининг оригиналлиги ва янгилиги, эстетик ёндашув, саломатликка таъсири каби 8 та меъзонда баҳоланди. Энг яхшилари эса мутлақ ғолибликни қўлга киритди. «Ўзчармсаноат» уюшмаси томонидан танловнинг биринчи ўрин, «гран-при» соҳибларига диплом ҳамда планшетлар эсдалик совғалари сифатида тақдим этилди.
Энг муҳими, танловда иштирок этиб, муносиб ўринларни қўлга киритган ёш дизайнерларнинг ижодий ишланмалари соҳа корхоналарида ҳаётга жорий қилинади. Бу эса иқтидорли йигит-қизларни ўз устида янада кўпроқ ишлашига ва янги тўпламлар билан халқимизни мамнун қилишга чорлайди.
Ушбу тадбир ҳам чарм пойабзал соҳасида энг иқтидорли, янгича фикрлайдиган ва салоҳиятли ёшларни аниқлаш ва уларни имкониятларидан кенг фойдаланиш бўйича муҳим бир воқеликка айланди.
«Ўзчармсаноат» уюшмаси ҳар доим янгиликка интилувчан ва фаол ёшларни доимий равишда, керак бўлса ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб қувватлашга тайёр.
Реклама ҳуқуқи асосида.
Изоҳ (0)