Шавкат Мирзиёев Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институтида таълим-тарбия соҳаси вакиллари билан мулоқотида муаллимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш давом эттирилишини айтди.
Келгуси ўқув йилидан халқаро стандартлар асосида малака сертификатини бериш йўлга қўйилади. Синовларда 86 ва ундан юқори балл олган педагоглар қўшимча 70 фоиз устама олади.
Мисол учун, олий тоифали биология ўқитувчиси ўз фани бўйича халқаро сертификати бўлса — 50 фоиз, директор жамғармасидан 40 фоизгача ва янги талабга жавоб берса, яна 70 фоиз устама олади. Шу тариқа унинг умумий ойлик маоши 4 миллион 500 минг сўмдан 12 миллион сўмга етади.
Президент ўқитувчилар учун 1 минг доллар маош бугун реал ҳодисага айланиб бораётганини шу мисолда яққол кўриш мумкинлигини таъкидлади.
Абдулла Авлоний номидаги институт педагогларда касб маҳоратини оширишга масъул бўлиши белгиланди. Жойларда 1 минг 300 та таянч мактаб ва 200 та боғча танлаб олиниб, улардаги етакчи ўқитувчилар ёш педагоглар учун “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати”ни ташкил этади. Бунинг учун етакчи ўқитувчиларнинг иш ҳақига 20 фоиз устама қўшилади.
Изоҳ (0)