24 март куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2005 йил март воқеаларининг 18 йиллиги муносабати билан ватандошларига мурожаат қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
“Бугун мамлакатимизнинг янги тарихидаги муҳим воқеалардан бири – март халқ инқилобининг 18 йиллиги нишонланмоқда. Қирғиз халқи ўз мустақиллигини эълон қилганидан сўнг бутун дунёга ўзининг озодликка содиқлигини қайта-қайта намойиш этди ва март инқилоби давомида халқ ҳокимиятнинг ягона манбайи эканини тарих олдида яна бир бор тасдиқлади”, — деди Жапаров.
Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон мустақиллик йилларида содир бўлган ва тараққиёт тарихида бурилиш нуқтаси бўлган муҳим воқеалардан сабоқ олиш керак.
“Дунёда геосиёсий вазият ва иқтисодий қийинчиликлар тақозоси билан янги муаммолар юзага келаётган бир пайтда биз аждодларимиздан мерос бўлиб қолган маънавий қадриятларимизга, ҳамжиҳатлигимизга таянишда давом этамиз. Мамлакатимиздаги тотувлик ва барқарорлик туфайли иқтисодиётимизни мустаҳкамлаб, миллий тараққиёт йўлидан олға интиламиз”, — деди у.
2005 йил 24 март воқеалари Қирғизистон тарихида март ёки “лола” инқилоби сифатида қолди. Март инқилобидан кейин мамлакатни 15 йил бошқарган президент Асқар Акаев ҳокимиятдан ағдарилган.
Изоҳ (0)