Ҳиндистонда маймунчечакнинг янги штамми (Mpox clade 1) билан касалланишнинг биринчи ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Asian News International агентлиги расмий манбаларга таяниб хабар берди.
“Ўтган ҳафта Керала штатининг Малаппурам шаҳрида маймунчечак касаллигининг clade 1 штамми аниқланди. Бемор Бирлашган Араб Амирликларидан келган 38 ёшли эркак экани маълум қилинган”, дейилади агентлик хабарида.
Беморда юқори иситма ва турли тошмалар юзага келган. Шифокорлар тегишли намуналарни таҳлил қилиш учун лабораторияга юборган.
Расмий маълумотларга кўра, бу Ҳиндистонда маймунчечак касаллигининг cladе 1 штамми аниқланишининг биринчи ҳолатидир. Агентликнинг эслатишича, худди шу штамм туфайли ЖСТ Африкада фавқулодда ҳолат эълон қилганди.
Июль ойида бутун дунё бўйлаб 1425 нафар инсонда маймунчечак касаллиги аниқланган бўлиб, уларнинг олти нафарида ўлим қайд этилган. Касалликларнинг ярмидан кўпи (55 фоиз) Африка, (24 фоиз) Америка, (11 фоиз) Европа ва (1 фоиз) Жануби-Шарқий Осиёда учрайди.
Изоҳ (0)