Қозоғистон бош санитария врачи мамлакатга маймунчечак (Моnkeypox ёки Mpox вируси) кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.
Ҳужжат маймунчечакка қарши санитария-профилактика тадбирларини ўтказишни назарда тутади. Қозоғистоннинг барча ҳудудларидаги маҳаллий ижроия органлари ва соғлиқни сақлаш органларига қуйидагиларни таъминлаш топширилган:
- мулкчилик шаклларидан қатъи назар, маймунчечакка шубҳа қилинган шахсларни аниқлаш, эпидемиологик анамнез йиғиш, изоляция қилиш, даволаш, мулоқотда бўлган шахсларни тиббий кузатиш бўйича соғлиқни сақлаш ташкилотлари тиббиёт ходимларининг ҳушёрлигини ошириш бўйича ўқитиш;
- маймунчечак билан касалланган бемор (шубҳа қилинган шахслар) ётқизилиш учун юқумли касалликлар шифохоналарини тайёрлаш;
- маймунчечакка чалинган (ёки шубҳа қилинган) беморни ташхислаш ва ташиш;
- одамнинг маймунчечак билан касалланиши ва касалликда гумонланган ҳар бир ҳолат тўғрисида зудлик билан хабар бериш;
- маймунчечак билан касалланган (ёки шубҳа қилинган) шахслардан намуна олиш ва лаборатория текширувига юбориш;
- касалланган беморларни (шубҳа қилинган шахсларни) аниқлаш, касалхонага ётқизиш ва даволашда юқумли касалликлар ва бошқа соғлиқни сақлаш ташкилотларида биологик хавфсизлик талабларига риоя этиш;
- соғлиқни сақлаш ташкилотларида шахсий ҳимоя воситалари, дори-дармонлар ва дезинфекция воситаларининг доимий захираси мавжудлиги;
- чет эллик талабаларни, сўнгги 21 кун ичида маймунчечак тарқалган мамлакатларга борган ёки у ерлардан келган Қозоғистон фуқароларини ҳам тиббий кузатувдан ўтказиш;
- дунё миқёсида эпидемиологик вазият мураккаблашган даврда аҳолини маймунчечакнинг олдини олиш масалалари бўйича хабардор қилиш.
Бундан ташқари, ҳужжат ҳар бир қатновдан сўнг транспорт воситаларини, аэропортлар, темир йўл вокзаллари, автостанциялар ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш пунктларини дезинфекция қилишни ҳам ўз ичига олади.
Изоҳ (0)