Навоий вилоятида Литва давлатига ишга юборишни ваъда қилган фирибгар ушланди, деб хабар бермоқда Прокуратура департаменти ахборот хизмати.
Унга кўра, ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Навоий шаҳри бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган. “Э.C.” МЧЖ раҳбари А.Қ. фуқаро З.Ф.нинг ишончига кириб, унга танишлари ёрдамида пишириқлар пишириш йўналишида ўқигани ҳақида сохта диплом тайёрлаб бериб, Литвага ишга юбориши эвазига 1 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида хорижга ишга юборишини айтиб 49 кишидан пул олган шахс ушланган эди. Шунингдек, Пайариқ туманида АҚШга ишга бормоқчи бўлган икки киши 24 минг долларга чув тушган.
Изоҳ (0)