Россия 26 август куни Украинага энг йирик қўшма зарбалардан бирини берди. Турли хилдаги юздан ортиқ ракета ва юзга яқин Shahed дронлари учирилди. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский маълум қилди.
Зеленский бу ҳужум, аввалгилар сингари “қабиҳ” бўлиб, аксарият ҳудудларда: Харьков вилояти ва Киевдан тортиб Одесса ҳамда ғарбий вилоятларгача бўлган муҳим фуқаролик инфратузилмасига қаратилганини айтди. Сиёсатчи ҳужум оқибатида қурбонлар борлиги, ўнлаб одамлар яраланганини таъкидлаб, уларнинг оила аъзоларга ҳамдардлик билдирди.
Энергетика объектларида кўплаб шикастланишлар юз берган. Бироқ, электр таъминоти узилган барча ҳудудларда тиклаш ишлари аллақачон давом этмоқда. Таъмирлаш гуруҳлари кечаю кундуз ишлашни давом эттиради. Электр таъминотини албатта тиклаймиз.
Путин ўзини ўзгартирмайди: хаста мавжудот экани ҳаммага аниқ. Лекин шуниси ҳам аниқки: у дунё унга рухсат берган нарсаларнигина қила олади. Заифлик ва етарлича қатъий бўлмаган қарорлар терроризмни озиқлантиради. Ҳар бир етакчи, ҳар бир ҳамкоримиз, бу урушни адолатли тўхтатиш учун қандай кучли қарорлар зарурлигини билади. Украинада узоқ масофали қуроллар бўйича чекловлар бўлиши мумкин эмас, айниқса террорчиларда бундай чекловлар йўқ бўлмаганида, деди Украина президенти.
У Ғарб қуроллари билан Россия ҳудудига зарба беришга қўйилган чекловларни олиб ташлашга чақирди.
Ҳаётни ҳимоя қилувчиларда қурол-яроғ бўйича чекловлар бўлиши мумкин эмас, айниқса Россия ўзининг барча турдаги қуролларини, Shahed’ларни ва Шимолий Кореядан баллистик ракеталарни қўллаётган бўлса. Америка, Британия, Франция ва бошқа ҳамкорлар терроризмни тўхтатишда бизга ёрдам беришга қодир. Қарорлар зарур, деди Зеленский.
Россиянинг оммавий ҳужуми
26 август куни Россия қўшинлари Украинага ялпи зарбалар берди. Энергетика вазири Герман Галушенко Украинанинг турли ҳудудларидаги энергетика инфратузилмаси объектлари нишонига олинганини айтди.
Украина бош вазири Денис Шмигал ҳужум натижасида 15 та вилоят зарар кўрганини билдирди. Россия Мудофаа вазирлиги Украина ҳарбий-саноат мажмуаси фаолиятини таъминловчи энергетика инфратузилмаси объектларига “юқори аниқликдаги қуроллар билан оммавий зарба” берганини маълум қилди.
Изоҳ (0)