Украина авиацияси Американинг юқори аниқликдаги GBU-39 бомбаларидан фойдаланган ҳолда Курск вилоятидаги россияликларнинг взвод таянч пунктига ҳужум қилди. Бу ҳақда Украина авиацияси қўмондони Николай Олешук маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳужум 22 август куни амалга оширилган. Натижада дронларни бошқариш маркази, радиоэлектрон кураш бўлинмаси, техника, қуроллар ва 40 нафаргача рус ҳарбийси йўқ қилинган. GBU-39 ёки GLSDB — АҚШнинг юқори аниқликдаги бошқариладиган авиабомбаси. У ҳарбий ёрдам доирасида Украина армиясига етказиб берилган.
Авиабомбанинг оғирлиги 130 килограмм бўлиб, максимал таъсир радиуси 110 километрни, нишонга уриш аниқлиги эса 5 метрдан 8 метргача оралиқни ташкил этади.
Аввалроқ Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел Украина учун Ғарб қуролларидан фойдаланишга қўйилган чекловларнинг бекор қилиниши тинчлик ҳаракатларига ёрдам беришини айтганди. Украина президенти Владимир Зеленский мазкур қуроллардан Россия ҳудудида фойдаланишга қўйилган чекловни бекор қилишга чақирган.
Изоҳ (0)