Антонио Сальери номи асрлар давомида унутилиб кетмади: уни ҳатто мусиқадан йироқ бўлган инсонлар ҳам билади. Аммо машҳур опералар яратувчиси, император Иосиф II нинг севимли мусиқачиси бўлган Сальери шундай машҳурликни истар эдими? Кўпчилик ҳақиқий Сальерини Пушкиннинг “Моцарт ва Сальери” трагедияси ва Милош Форманнинг “Амадей” фильмидаги бадиий образлар билан адаштириб юборади. Қуйида буюк бастакор аслида қандай инсон бўлгани ҳақида ҳикоя қиламиз.
Ҳозирги кунда Сальери Моцартни заҳарлагани ҳақидаги барча айбловлар тарихчилар томонидан рад этилади. Бу афсона на фактик, на психологик танқидга дош беролади. Бироқ бу уйдирма жуда “яшовчан” чиққани боис доим ҳақиқатни такрорлашга тўғри келади: йўқ, Сальерида Моцартга ҳасад қилиш учун сабаб бўлмаган — унинг шахсий карьераси анча яхши эди ва аксинча, Моцарт унга ҳасад қилгулик эди. Сальери умуман ҳийла-найранг қиладиган киши эмасди — у кўп мусиқачиларга ёрдам берган ва жуда меҳрибон инсон сифатида танилган. Нима бўлганда ҳам у ўз номини қораловчи бирор иш қилмаган. Ва энг муҳими: у даҳо бўлмаса-да, иқтидорсиз эмасди. Аммо унинг даврида иқтидорли, уста ва омадли композиторлар ўнлаб топиларди. Замондошларига доҳиёна мусиқани оддийсидан ажратиш осон бўлмаган ва кўпчилик Сальери ҳамда Моцарт ўртасида катта фарқни ҳам кўрмаган.
Антонио Сальери аслида қандай инсон ва мусиқачи эди? У Венеция республикаси таркибида бўлган Леняго шаҳарчасида савдогар оиласида дунёга келади. Антонио оилада саккизинчи фарзанд эди, 14 ёшида ота-онасидан айрилгач, ўз тақдирини мустақил танлашга мажбур бўлади. Болалигида буюк скрипкачи ва бастакор Жузеппе Тартинининг қўлида ўқиган катта акаси Франческо унга дарс берган. Ёш Антонио жуда иқтидорли бўлиб, бунда у тенгдоши Моцартга ўхшаб кетарди: скрипка ва клависин чалар, яхши куйлар, басталар, импровизация қиларди. Кўп ўтмай унга ҳомийлик қилувчи бадавлат инсонлар пайдо бўлгани ҳайратланарли эмас. Энг бахтли учрашув 1766 йилда, машҳур композитор Флроиан Леопольд Гассман 16 ёшли ўсмирни ўзи билан Венага олиб кетганида содир бўлади. Гассман Антониога ҳам устозлик, ҳам оталик қилади, унга уйидан бошпана ва таълим беради.
Император Иосиф II Гассманга ишонч билдирган эди, 1772 йилда у капелмейстерга (мусиқий директор) айланади. У ўз навбатида монархни Сальери билан таништиради ва Антонио Иосифга маъқул келади. Шу боисдан Гассман вафотидан кейин унинг лавозими, имтиёзлари ва мажбуриятлари ҳам Сальерига ўтганидан ҳайратга тушиш керак эмас. 24 ёшидаёқ Сальери саройдаги камер мусиқа ҳамда Венадаги италян опера труппалари бастакори этиб тайинланади, 1788 йилда эса саройдаги барча капеллалар бошлиғи бўлади. Италия труппалари Венада немислариники билан алмаштирилган даврда Сальери Италия ва бошқа давлатларнинг турли шаҳарларида ўз операларини муваффақиятли қўяди. Унинг “Европанинг тан олиниши” операси 1778 йил 3 августда Миландаги Ла Скала театрини очиб беради, 1782 йилда басталанган “Семирамида” эса Моцартнинг “Идоменей”сига қарши ишончли баҳсга киришади. Ёш Сальерининг ижоди нафақат императорда, балки халқаро майдонларда ҳам ҳайрат уйғотади.
Гассман хотираси ҳурмати учун Сальери кўплаб шогирдларига бепул дарс беради, улар орасида кейинчалик қўшиқчига айланган Гассманнинг қизлари ҳам бор эди. 1771 йилда Гассман “Мусиқачилар жамияти” — эҳтиёжманд мусиқачилар, уларнинг бева етимларига ёрдам кўрсатувчи хайрия ташкилотига асос солади. Жамият кўплаб концертлар бериб, тушган даромадни бева-бечораларга тарқатади. Сальери 1788 йилдан 1795 йилга қадар ушбу жамиятни бошқаради, кейинроқ унинг концертларида мунтазам дирижёрлик қилади. Тахминларга кўра, Сальери бошчилигидаги концертларнинг бирида Моцартнинг “Сол минор” симфонияси (№ 40) янграган, акс ҳолда Моцарт партитурага аввал бошида бўлмаган кларнетларни нима учун қўшганини тушунтириш мушкул.
Ҳозирда ҳам Моцарт ва Сальери муносабатлари фаол муҳокама қилинадиган мавзу ҳисобланади. Улар орасида кўплаб оқ доғлар мавжуд. Биз Моцарт Сальерига нисбатан қандай муносабат бўлганини (афсуски совуқлик билан) яхши тасаввур қиламиз. Аммо Сальери томонидан Моцартга нисбатан ёрқин носамимий ҳаракатлар кузатилмаган. У Гайдн каби Моцартга яқин дўст бўлмаса-да, душман ҳам эмас эди. 2015 йилда Моцарт ва Сальери томонидан биргаликда ёзилган санъат асари топилган: жиддий касалликка чалинган қўшиқчи Ненси Стораче шарафига “Офелиянинг саломатлиги учун” номли кичик кантата. Унинг шеърларини ҳар икки бастакор билан ҳамкорлик қилиб келган Лоренсо да Понте ёзган.
Қайсидир масалада Моцарт ва Сальери ҳамфикр ҳамда иттифоқчи ҳам бўлган, чунки уларнинг иккиси ҳам император Иосиф II ҳомийлиги остида фаолият юритарди. 1780-1790 йиллар давомида Сальери немис тилини у қадар яхши билмаса-да, немисча матнлар учун мусиқа басталаб, ўзини австриялик ватанпарвар сифатида кўрсатишга уринади. Император миллий операни оммалаштириш ниятида бўлгани боис Сальери 1781 йилда “Мўри тозаловчи” номли зингшпил (мусиқий ва драматик жанр) ёзади ва у машҳурликка эришади. Бу жанрдаги кейинги иши — “Қоравойлар” эса муваффақиятсизликка учрайди.
1804 йилдан кейин Сальери опера ва бошқа йирик асарлар ёзишни тўхтатади. Фақат кичик кантаталар, хорлар, черковлар учун асарлар — мадҳия, оффертонлар пайдо бўла бошлайди. Кексалик даврига келиб у Вена мусиқий ҳаётининг кўзга кўринган шахсига айланиб бўлганди, ҳаётини ёш иқтидорларни кашф этишга бағишларди. 1817 йилда Венада консерваториялар намунаси бўлган Ашулачилик мактаби пайдо бўлади ва Сальери унинг асосчиларидан бири эди. У ерда икки машҳур педагог дарс берарди: композиция назарияси, контрапункт ва фуге бўйича Иоганн Георг Албрехцбергер ҳамда вокал санъати ва италян матнлар учун вокал композиция йўналишида Сальери. Сальери нафақат бастакорларга, балки ашулачиларга ҳам дарс берарди — Катарина Кавалери, Анна Милдер, Каролина Унгер, Антон Хайсингер каби машҳур опера юлдузлари унинг синфидан чиққан. Албрехцбергер 1809 йилда вафот этганидан кейин Сальери ҳар икки вазифани зиммасига олиб, ўқувчиларга назарий фанлардан ҳам дарс бера бошлайди.
Ўқувчилар кексайиб бораётган Сальерининг оиласи ўрнини эгаллаган эди. У 1775 йилда Терезия фон Халферсторферга уйланади ва аёл унга саккиз фарзандни дунёга келтириб беради. Аммо тўрт нафар қизи жуда ёш вафот этади, 1805 йилда ёлғиз ўғли Алоиз Энгелберт 23 ёшида, 1807 йилда эса Терезия ҳам оламдан ўтади.
Мусиқачи? У ўзининг содиқ қулига бахтли онларни тақдим этдими? Ҳа, шубҳасиз. Буни энди жонли таассуротлар орқали баҳолаш мумкин. ХХ аср охирларида Сальерига тегишли бир нечта операнинг дискка ёзиб олинган вариантлари эълон қилинади. Сальерининг 13 та арияси ўрин олган Чечиля Бартоли диски катта шов-шувларга сабаб бўлади.
Сальерининг истеъдоди асосан италян ҳажвий операларида намоён бўлган, бунинг учун кенг симфоник нафас, на драматик тўқнашувлар ва на психологик чуқур талқин керак эмасди. Ёқимли, табиий оқимли куйлар, маҳорат билан ёзилган ансамбллар, ифодали уйғунлик, ранг-баранг ва баъзан кутилмаган оркестрация, ғайриоддий ҳазил туйғуси, айниқса, буларнинг барчаси яхши ижро этилганида Сальери мусиқасининг шуҳратини инкор этиб бўлмайди. Энг машҳур шоир ва драматурглар у билан бирга ишлашни ўзига шараф деб биларди: Жамбаттиста Касти, Лоренсо Да Понте, Францияда эса Пьер Карон де Бомарше.
Сальери опера ижодининг траэкторияси ўз даврининг ўзгарувчан диди ва қарашларини акс эттиради. У фаолиятини Италия ҳазил опера устаси сифатида бошлаган бўлса, кейинчалик Глюкнинг кучли таъсири остида қолади. 1780 йилларда француз операси йўналишидаги ижоди (“Данаид”, “Гораци ва Куриацилар”) мазкур йўналиш кулминациясига айланади. “Данаид” мусиқасидаги кўплаб элементлар Моцартнинг “Дон Жуан”ига ўхшаб кетади.
Сальерининг етук ва ҳажвий опералари турли жанрларда мусиқа яратиш тажрибасини ўзида мужассам этган — бу эса албатта, уларнинг бадиий фазилатларига ижобий таъсир кўрсатган. Ҳазил операга хос бўлган енгил кундалик қочиримлардан ташқари, уларда фалсафий истеҳзо ва тасвирларнинг нозик индивидуаллашуви бор эди.
Умуман олганда, Сальери инструментал мусиқада Гайдн ва Моцарт билан таққослаганда бирор янгилик яратишга уринмади. У ўзига ёққан йўналишда ижод қилди. Шу билан бирга, унинг ёшлигидаги турли мусиқий асбоблар жўрлигидаги инструментал концертлари оҳангдор жозибаси билан ажралиб турарди. Сальери ўз даври учун одатий бўлган солицлардан (фортепиано, орган-позитив) фарқли ўлароқ, турли тембрли ансамбллардан (скрипка ва виоленчел; флейта ва гобой) фойдаланди.
Сальерининг муқаддас мусиқаси алоҳида эътиборга лойиқдир. У бутун умр бастакор ижодининг муҳим қисми бўлиб қолди ва ўзида турли жанрларни бирлаштирди.
Умрининг охирги йилларида Сальери деменцияга (кексаликдаги ақли заифлик) чалинади ва 1824 йилда психиатрия клиникасига жойлаштирилади. Шундан кейин у Моцартни заҳарлаганини тан олгани ҳақида миш-мишлар тарқалади. Эс-ҳуши жойига келиб қолганида кекса маэстро қабулига ташриф буюрган мусиқачилардан, шу жумладан, Россинидан шафқатсиз туҳматни рад этишларини илтимос қилади. Тарих ҳали ҳам Антонио Сальери — таниқли бастакор, мусиқа фидойиси ва даҳолар устозидан қарздор.
Изоҳ (0)