Бугунги кунда Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги чегараларни ҳақли равишда дўстлик ва яхши қўшничилик кўприги, деб аташ мумкин. Бу ҳақда президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов “Ўзбекистон ташқи сиёсатида Янги Марказий Осиё” номли мақоласида қайд этган.
Унда Ўзбекистон Қозоғистон билан чегарани ҳуқуқий расмийлаштиришни тўлиқ якунлагани, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан чегарани делимитация қилгани қайд этилган. Чегарадаги ўнлаб ўтказиш пунктлари ўз фаолиятини тиклаб, мамлакатлар ўртасида одамларнинг ҳаракатланишини сезиларли даражада осонлаштиргани таъкидланган.
2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ички ҳужжат — фуқаро ID-картасини тақдим этган ҳолда Ўзбекистон—Қирғизистон чегарасини кесиб ўтиш тартиби амал қилиб келмоқда. Мақолада қайд этилишича, худди шундай лойиҳа Қозоғистон томони билан ҳам муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистон—Қирғизистон фуқаролари учун Давлат чегарасини кесиб ўтишнинг соддалаштирилган ягона тартибига кўра, икки давлат фуқаролари 60 кунгача идентификация ID-картаси билан икки давлат ҳудудларига киришлари, ҳаракатланишлари ва унда бўлиб туришлари мумкин.
Ўзбекистон фуқаролари хорижга чиқиш биометрик паспорти билан Қирғизистонга кириши, ундан чиқиши ва транзит орқали бошқа давлатларга ўтиши мумкин. Илгари фақат хорижга чиқиш паспорти билан мумкин эди.
Фуқароларнинг чегарадан кириш-чиқиши ҳақидаги маълумотлар электрон тарзда қайд этилади, паспортга штамп босишга ҳожат қолмайди. Ушбу енгиллик исталган транспорт орқали (самолёт, поезд, автомобиль, автобус ва ҳоказо) чегарани кесиб ўтишда амал қилади.
Шавкат Мирзиёев 2024 йил 9 август куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувида Марказий Осиё мамлакатлари миллий ID-карталарини ўзаро тан олиш таклифини илгари сурди. Президент туристик алмашувни кенгайтириш мақсадида “Битта тур — бутун минтақа” тамойили бўйича миллий ID-карталарни ўзаро тан олиш ва оммавий туристик маҳсулотларни ишлаб чиқиш масалаларини ўрганиб чиқишни таклиф қилди.
Изоҳ (0)