Болгариянинг Қора денгиз соҳилидаги Бургас портида ҳуқуқ-тартибот идоралари Қирғизистондан кириб келаётган катта миқдордаги гиёҳванд моддаларни тўхтатиб қолди.
“Контрабандани аниқлаш бўйича ўтказилган операция наркотик моддалар савдосига қарши кураш бўйича маҳаллий мутахассисларнинг ҳушёрлиги самараси бўлди”, дейди Associated Press нашри.
Ҳужжатларга кўра, юк Қирғизистондан Грецияга кетаётган кабел ётқизиш ускуналари орасида бўлган.
Юклар Батумидан Болгариянинг Бургас порти орқали Грециянинг Александруполисига бориши керак бўлган. Контейнерларнинг Бургас портида шубҳали даражада узоқ вақт туриб қолиши расмийлар эътиборини тортган.
Кўздан кечирилганда, тиркама ичидан 434 дона героин бўлган ўрам топилган. Ушбу топилма Болгария наркотик полициясининг мумкин бўлган контрабанда ҳақидаги шубҳаларини тасдиқлаган. Гиёҳванд моддалар нархи 38 миллион долларга баҳоланган.
Гиёҳванд моддалар савдосини ташкил қилиш билан шуғулланган шахслар ҳозирда қўлга олинмаган. Гумонланувчиларни фаол қидирув ишлари олиб борилмоқда. Болгария қонунчилигида гиёҳванд моддалар савдоси учун 20 йилгача қамоқ жазоси белгиланган.
“Ҳозирча ҳеч ким ҳибсга олинмаган ва ушбу трансчегаравий жиноятга алоқадор шахслар аниқланмаган”, деди туман прокурори Георгий Чинев.
Изоҳ (0)