АҚШнинг амалдаги раҳбари Жо Байден 2024 йилги президентлик пойгасидан чиқишини айтди. Бунга президентликка номзод Дональд Трамп билан бўлиб ўтган дебатдан сўнг Байден сайловда ғалаба қозонишига оид шубҳалар ортиши ҳам сабаб бўлди.
Байден сайловда номзодини қўймаслигини айтгач вице-президент Камала Ҳаррисни Демократик партиядан номзод сифатида маъқуллади. Ҳозирда Ҳаррис Демократик ва Республикачи партиялари ўртасидаги фарқдан фойдаланиб, ўз номзоди устида фаол кампания олиб бормоқда. Мавжуд хавотирларга қарамай, кўплаб демократлар Ҳаррисни Байденнинг сиёсий мероси давомчиси, репродуктив ҳуқуқлар ва иқтисодий тенгсизлик каби асосий муаммоларни ҳал қила оладиган қобилиятли лидер сифатида қўллаб-қувватлади.
АҚШдаги сиёсий келишмовчиликлар Марказий Осиё билан ташқи сиёсатга таъсир қилмай қолмайди. Эътиборли фарқ шундаки, Трамп даврида АҚШнинг минтақа учун янги стратегияси умумий бўлса, Байден даврида ҳар бир давлат учун индивидуал стратегиялар ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, амалдаги президент тасарруфида нодир тупроқ металлари ва минтақавий интеграция соҳасида ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Трамп бошчилигида эса терроризмга қарши кураш, Марказий Осиё ва Афғонистон ўртасидаги алоқалар кун мавзуси бўлиб хизмат қилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, сайловларда қайси партия ғалаба қозонишидан қатъи назар, АҚШнинг Марказий Осиё билан сиёсий алоқалари турғун ва ўзгармас бўлиб қолиши кутилмоқда. Чунки Трамп ва Байденнинг Марказий Осиёдаги стратегияларини таҳлил қилар эканмиз, бир стратегиянинг бош ташаббуслари иккинчисининг янги ташаббусларига муаммосиз ўтиб кетганини кузатиш мумкин. Сайловларда Ҳаррис ёки Трамп ғалаба қозонишидан қатъи назар, уларнинг Марказий Осиё билан ташқи сиёсатини белгиловчи омиллар АҚШнинг Россия, Хитой ва Эрон билан муносабатлари, шунингдек, нодир металларни қазиб олиш имкониятини қўлга киритиш каби бошқа глобал тенденциялар бўлиши мумкин.
Хавфсизлик нуқтаи назаридан, Марказий Осиё давлатлари тобора кўпроқ АҚШ эътиборида қолса ҳам, АҚШ минтақада Хитой, Россия ва Европа Иттифоқига қараганда камроқ таъсирга эга. 2000 йилдан бошлаб АҚШ стратегиясида Шарқий Болқон мамлакатларига нисбатан Марказий Осиё кўпроқ таъкидлаб ўтилади. Бир қарашда республикачилар ва демократларнинг Марказий Осиё билан сиёсий стратегияларида фарқ йўқдек туюлади. Аммо сўнгги пайтларда Трамп ва Байден стратегияларидаги турлича ёндашувлар бунинг аксини кўрсатиши мумкин.
Бундан ташқари, америкалик сенатор Стив Дейнс АҚШнинг Марказий Осиёдаги иттифоқчилари билан муносабатларини мустаҳкамлаш, савдо ва сармояни кенгайтириш, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни ўз олдига мақсад қилиб олган Марказий Осиё комиссияси тузилганини эълон қилди. Сенатор Гари Питерс билан ҳамкорликда ташкил этилган комиссия аввало Россия, Хитой ва Эрон таъсирида келиб чиққан муаммоларни ҳал этишга киришади. Савдо муносабатларини яхшилаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, одам савдоси ва миграция муаммоларини ҳал қилиш, миллий хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш комиссиянинг асосий йўналишлари ҳисобланади.
Устуворликлар: Трампдан АҚШнинг Марказий Осиё билан сиёсатини солиштириш
Сўнгги пайтларда АҚШ Марказий Осиё мамлакатларига билан сиёсатини аста-секин қайта кўриб чиқаётган ёки мавжуд устуворликларини ўзгартиргандек кўринади. Қозоғистонлик сиёсатшунос Андрей Чеботаревнинг қайд этишича, Трамп президентлиги даврида АҚШнинг 2019-2025 йилларга мўлжалланган Марказий Осиё бўйича стратегияси қабул қилинган. Чеботаревнинг қўшимча қилишича, Жо Байден ва унинг жамоаси Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон ўртасида яқин алоқаларни мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан бу стратегияни яроқсиз деб топиб, 2021 йилда собиқ Афғонистон ҳукуматига ёрдам беришдан бош тортган. Бу эса ўз навбатида, сайлов курашидаги кескин ўзгаришлар фонида АҚШ-Марказий Осиё муносабатлари ҳақида фикр юритишга ундади.
Шунга қарамай, Трамп ва Байден томонидан амалга оширилган сиёсатларни солиштириш баъзи давомийлик борлигини кўрсатди. АҚШ миллий хавфсизлик стратегияларидаги Марказий Осиё қисми шуни кўрсатадики, Обама сиёсатида минтақа бирон марта тилган олинмаган, Трамп ва Байден даврида қизиқиш бошланган. АҚШнинг Марказий Осиёга ҳар доим ҳам қизиқиши ортиб бормаганини ва ўтмишда ҳеч бир АҚШ етакчиси минтақага ташриф буюрмаганини инобатга олсак, ҳар икки етакчи ҳам минтақада янги сиёсий алоқаларни бошлаганини тахмин қилиш қийин эмас. Трамп маъмурияти томонидан қабул қилинган Марказий Осиё стратегияси эса бунга мисол бўла олади.
Байден ва Трамп ташқи сиёсатида ўхшаш ёндашувлар
Байден маъмуриятининг Марказий Осиёга билан сиёсати Трамп бошчилигида илгари сурилган стратегиядан фарқ қилишига қарамай, иккиси ҳам айни элементларга асосланади.
Трамп маъмуриятининг 2019-2025 йилларга мўлжалланган Марказий Осиё стратегияси минтақа давлатларининг суверенитети ва мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган. Бунга иқтисодий ва энергетик мустақилликка кўмаклашиш, демократик институтлар ва қонун устуворлигини таъминлаш киради. Стратегияда АҚШнинг иқтисодий, энергетика, ҳарбий, демократик ва бошқарув масалаларида изчил иштирок этиши, ҳамда мамлакатларнинг изчил ҳамкорликда фаолият юритишида кўмаклашувга урғу берилган. Байден ҳам суверенитет ва мустақилликни қўллаб-қувватлаган, аммо C5+1 формати ва президентнинг бевосита иштироки орқали юқори даражадаги дипломатик алоқаларга ҳам алоҳида аҳамият беради. Стратегия барқарорлик ва ўзига ишончни таъминлаш мақсадида минтақа раҳбарлари билан ҳамкорликда ҳаракат қилишни таъкидлайди.
Терроризмга қарши кураш
Трамп сиёсати экстремистик мафкураларга қарши чидамлиликни кучайтириш, икки томонлама ҳарбий ва сиёсий шериклик орқали минтақанинг террорчилик ташкилотлари бошпанасига айланишининг олдини олишни мақсад қилган. Байден сиёсати терроризмга қарши курашга эътибор қаратиш билан бирга, бу ҳаракатлар инсон ҳуқуқларини бузмаслигини таъминлайди. Стратегия хавфсизлик ва фуқаролик эркинлиги мувозанатини таъминлашга интилиб, зиддиятли ҳудудлардан аҳолининг репатриацияси ва реинтеграциясини маъқуллайди.
Афғонистонда барқарорликни қўллаб-қувватлаш нуқтаи назаридан
Трампнинг стратегияси Марказий Осиё давлатларини Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, CASА-1000 ва Лапис Лазули йўлаги каби минтақавий интеграция лойиҳаларини илгари суришда фаол рол ўйнашга ундади. Байден сиёсати буни давом эттириш билан бирга Афғонистоннинг иқтисодий ва хавфсизлик тизимларига интеграциялаш, Марказий Осиё давлатларини Афғонистон билан савдо алоқаларини ривожлантиришга ундаш, тинч муҳитни яратиш жараёнига алоҳида урғу беради.
Иккала стратегияда қонун ва инсон ҳуқуқлари устуворлиги тарғиб қилишга алоҳида аҳамият қаратилган, аммо Байден сиёсати ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда гендер зўравонликнинг олдини олиш ва жамият билан ҳамкорликка қўшимча эътибор қаратди. Бунинг учун фуқаролик жамияти ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бошқарув ислоҳотларининг инклюзив ва шаффофлигини таъминлаш асос бўлиб хизмат қилди.
Иқтисодий ривожланиш ва АҚШ инвестициялари Трамп стратегиясининг асосий жиҳатлари бўлиб, таълим соҳасидаги ислоҳотлар ва техник тайёргарликни қўллаб-қувватлаш орқали хорижий сармоядорлар учун қулай муҳит яратишга қаратилган. Байден сиёсати АҚШнинг хусусий сектор инвестицияларини фаол рағбатлантириш ва минтақавий иқтисодий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, иқтисодий барқарорлик учун қўшимча молиялаштириш ва иқтисодий интеграцияни кучайтириш учун “Марказий Осиё Йўли” каби савдо йўлларига эътибор қаратди.
Минтақавий алоқалар
Иккала стратегия ҳам Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон ўртасида турли тармоқлар бўйича яқин алоқаларни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этди. Минтақавий алоқа ва иқтисодий интеграцияни ривожлантириш учун инфратузилма лойиҳалари ҳамда савдо ташаббуслари ишлаб чиқилди. Байден маъмурияти буларни юқори даражадаги дипломатик алоқалар ва ҳамкорликдаги иқтисодий ташаббусларга кўпроқ эътибор қаратган ҳолда давом эттирмоқда.
C5+1 дипломатик платформаси иккала стратегияда ҳам ҳал қилувчи элемент бўлиб, Трамп маъмурияти ундан умумий хавфсизлик муаммоларини ҳал қилиш ва минтақавий тараққиётни қўллаб-қувватлаш учун фойдаланади. Байден маъмурияти президентни C5+1 учрашувларига жалб қилиш орқали ушбу платформани кенгайтиради, бу эса янада чуқур шериклик ва содиқлик алоқаларини англатади.
Чегара хавфсизлигига сармоя киритиш иккаласи учун ҳам устувор вазифа бўлиб келган, бироқ Байден ушбу чоралар инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик эркинликларига путур етказмаслигига қўшимча эътибор қаратади. Унинг сиёсати хавфсизлик сармояларини инсон ҳуқуқлари билан мувозанатлашга интилади.
Умуман олганда, Байденнинг Марказий Осиёдаги сиёсати Трамп бошчилигида қўйилган пойдеворларга асосланади, аммо ҳамкорларни музокараларга жалб этиш ва урғу берилган муаммолар сезиларли даражада фарқ қилади. Юқори даражадаги фаоллик, хавфсизлик ва инсон ҳуқуқларига мутаносиб ёндашиш, иқтисодий ташаббуслар ва савдога кўпроқ эътибор қаратиш, бошқарув ва фуқаролик жамиятини доимий қўллаб-қувватлаш, иқтисодий ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш Байденнинг Марказий Осиёда барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш, шу билан бирга АҚШ манфаатларини илгари суриш ва барқарорликни сақлашга қаратилган комплекс ёндашувни тавсифлайди.
АҚШнинг Марказий Осиё билан келажакдаги алоқалари
АҚШда 2024 йилги сайловлар яқинлашар экан, потенциал натижалар мамлакатнинг Марказий Осиёга нисбатан сиёсатини сезиларли даражада ўзгартириб юбориши мумкин. Вице-президент Камала Ҳаррис президент Байден сиёсатини давом эттириш учун сайловолди кампанияси олиб бораётган бир вақтда, Дональд Трамп ўзининг аввалги стратегияларига қайтишини маъқулламоқда. Натижада АҚШ-Марказий Осиё муносабатларининг келажакдаги йўналишини аниқлаб олиш муҳимлигича қолмоқда.
Ҳарриснинг потенциал сиёсати:
Агар Камала Ҳаррис президентликка лойиқ деб топилса, ҳозирги стратегиялар сақланиб қолиши ва ҳатто кучайтирилиши мумкин. Ҳаррис сиёсати, эҳтимол, юқори даражадаги дипломатик алоқаларга, хусусан, C5 + 1 каби платформалар орқали ўзаро ҳамкорликка таянади. Инсон ҳуқуқлари, иқтисодий ҳамкорлик ва минтақавий алоқаларни устун поғона қўйган Ҳаррис, нодир тупроқ металлари ва интеграция ташаббуслари бўйича ҳамкорликни ривожлантиришни давом эттиради ва хавфсизлик чоралари фуқаролар эркинлигини чекламаслигини таъминлайди. Унинг маъмурияти минтақавий шериклик орқали Афғонистон барқарорлигини учун ёрдам кўрсатишда, шу билан бирга Марказий Осиёда иқтисодий барқарорлик ва хусусий сектор инвестицияларини рағбатлантиришда давом этиши мумкин.
Марказий Осиё, Кавказ ва Хитой бўйича ихтисослашган журналист, геосиёсий ва инсон ҳуқуқлари бўйича таҳлилчи Эндрю Гундал таъкидлаганидек, Камала Ҳарриснинг тўрт йил аввал президентликка номзод бўла олмаганига асосий сабаб, ташқи сиёсатдаги тажрибасизлик эди. Шу боис, унинг ташқи сиёсатда сўнгги тўрт йил ичида тажриба тўплаганини ҳисобга олсак, агар у сайланса, худди Байден стратегиясининг давом этишини тахмин қилиш мумкин. Гундалнинг таъкидлашича бошқа тахмин ҳам мавжуд. Бошқа ўйинчилар ва можаролар унинг эътиборини чалғитиши туфайли Ҳаррис минтақани бутунлай эътиборсиз қолдириши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
Трампнинг потенциал сиёсати:
Бошқа томондан, Трампнинг ғалабаси Байдендан аввалги сиёсатни қайтаради. Бу терроризмга қарши кураш ва Афғонистон билан яқин муносабатларни қайта тиклаш билан намоён бўлади. Трампнинг ёндашуви экстремистик таҳдидларга қарши курашда кучли, икки томонлама ҳарбий ва фуқаролик ҳамкорликни таъкидлайди. Унинг сиёсати суверенитет ва мустақилликни қўллаб-қувватлаган ҳолда, инсон ҳуқуқларига бўлган эътиборни янада камайтириши мумкин. Трамп сиёсати савдо муносабатлари ва минтақавий барқарорликка потенциал таъсир кўрсатадиган агрессив иқтисодий позицияларни келтириб чиқариши мумкин.
Ушбу фарқларга қарамай, умумий тенденция АҚШнинг Марказий Осиёдаги стратегик манфаатлар, глобал геосиёсий динамика асосидаги ҳамкорлиги давом этаётганидан далолат беради. АҚШ стратегияларида минтақага эътибор ортиб бораётгани таъкидланади. Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ёки прагматик хавфсизлик ва иқтисодий чоралар билан АҚШ сиёсати ўзгарувчан муҳитга мослашишда давом этади.
Хулоса: АҚШ ва Марказий Осиёнинг ўзаро манфаат факторлари
Яқинлашиб келаётган сайловлар арафасида АҚШ Марказий Осиёда ўзининг ташқи сиёсатини юритар экан, суверенитет, хавфсизлик ва иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш каби асосий ёндашувлар сақланиб қолиши кутилмоқда. Булар Ҳаррис ёки Трамп стратегиясида фарқ қилиши мумкин, аммо Марказий Осиёнинг АҚШ ташқи сиёсатидаги стратегик аҳамияти давом этаверади. Минтақанинг глобал геосиёсатдаги, хусусан, Россия, Хитой ва Эронга нисбатан тутган ўрни АҚШнинг олдинга силжишидаги ҳаракатлари ва стратегияларини шакллантиришда ҳал қилувчи омил бўлади. Яна бир омил — Марказий Осиё давлатларининг стратегик ресурсларига Хитойнинг қизиқиши ортиб бораётгани боис АҚШ нодир металларини қазиб олиш ёки қидиришга киришиш учун турли инновацион ечимларни илгари сурмоқда. Масалан, Қозоғистоннинг Тау-Кен Самрук компанияси АҚШ Давлат департаменти ва Миллий геология хизмати (УГҚ) билан ҳамкорликда Қизилўрда ва Шарқий Қозоғистон вилоятларида истиқболли ҳудудларни ўрганади.
Муаллиф: Элданиз Гуссеинов
Изоҳ (0)