Венгрия бош вазири Виктор Орбан Шушада бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Европа Иттифоқидан вакил бўлиш учун тегишли мандат олмаган. Бу ҳақда Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жосеп Боррел маълум қилди.
Боррелнинг баёнотига кўра, Орбаннинг саммитдаги иштироки фақат Венгрия ва ушбу ташкилот ўртасидаги икки томонлама муносабатлар доирасида бўлиб ўтган.
Венгрия Евроиттифоқига аъзо давлат бўлиб, 2024 йил 31 декабргача кенгашга раислик қилади. Венгрия Европа Иттифоқи кенгашидан Туркий давлатлар ташкилоти билан алоқаларни ривожлантириш учун ҳеч қандай мандат олмаган, деди у.
Боррел, шунингдек, Шимолий Кипр Турк Республикасига Туркий давлатлар ташкилотида кузатувчи мақомини беришга уринишдан норозилик билдирган.
Ташкилот аъзолари ратификация қилинишини кутаётган ушбу қарор афсусланарли ҳамда ташкилотнинг бир қанча аъзолари ҳудудий яхлитлик тамойили ва БМТ Низомини қатъий қўллаб-қувватлаганликларига зиддир. Европа Иттифоқи БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларига мувофиқ фақат Кипр Республикасини халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида тан олишини, шу жумладан, энг юқори сиёсий даражада ҳам бир неча бор очиқ айтган, дея хулоса қилди у.
Изоҳ (0)