Конго Демократик Республикасида 12 июнь куни йўловчилар қайиғи дарёга ағдарилиб кетиши оқибатида 80 нафардан ортиқ фуқаро ҳалок бўлди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
Ҳалокат Май-Ндомбе провинцияси ҳудудидан оқиб ўтувчи Ква дарёсида рўй берган. Қайиқ кўп сонли йўловчиларни кўтара олмай, дарёга ағдарилиб кетган.
КДР президенти Феликс Цҳисекеди ҳолат юзасидан тергов ўтказишга чақирган. Ҳалокат ҳақида биринчи бўлиб хабар берган ҳам айнан президент идораси ҳисобланади.
Қайиқ Май-Ндомбе провинциясидаги Мушиэ шаҳридан йўлга чиққан. 70 километр сузгач, Ква дарёси айрилиш жойида ағдарилган.
“Республика президенти ушбу бахтсиз ҳодисанинг асл сабабларини ўрганишга, келажакда бундай ҳалокат такрорланишининг олдини олишга чақиради”, дейилади президентнинг Х тармоғида эълон қилинган постида.
Май-Ндомбе провинцияси губернатори Рита Бола Дула хабар беришича, ҳалокатга қайиқнинг тунда сузгани сабаб бўлган. Қоронғилик оқибатида қайиқ йўналишни йўқотиб қўйган ва гирдоб таъсирида тўнтарилиб кетган.
Изоҳ (0)