Брюссел Хитойда ишлаб чиқарилган ҳамда давлат субсидиялари ёрдамида сунъий равишда арзонлаштирилган электр автомобиллар импортига янги тарифлар жорий этилганини эълон қилди.
Хитойда ишлаб чиқарилган электр автомобиллари (BEV) тез орада Европа Иттифоқи умумий бозорига олиб кирилгач, импорт божи билан солиққа тортилади. Сўнгги йилларда экологик тоза, яшил технология асосида ишлаб чиқарилган бундай товарларга талаб кескин ошмоқда.
12 июнь куни Еврокомиссия BEV’ларга қарши олиб борилаётган антитариф текширувида биринчи дастлабки қарорини эълон қилди. Қарорда Хитойда йиғилган BEV’ларга қўйиладиган тариф миқдорлари брендлар бўйича алоҳида кўрсатиб ўтилган:
- BYD: 17,4%
- Geely: 20%
- SAIC: 38,1%
Пекин ўзининг ноҳақ савдо амалиётларини тузатиш учун қониқарли таклифларни илгари сурмаса, чораларни жорий этиш июль ойи бошида амалга оширилади, — дейилади хабарда.
Бу Хитой ва Ғарб брендларининг Осиёда жойлашган заводларида нархларнинг ўсишига олиб келади. Маълум бўлишича, асосий компания Шэньчжэнда жойлашган BYD бўлиб, у Европа Иттифоқи BEV бозорининг 5 фоизини эгаллаш ниятида.
Янги божлар мавжуд 10 фоизлик импорт тарифга қўшилади.
Евростат маълумотларига кўра, Хитой BEV автомобилларининг сотуви 2020 йилда 57 000 тадан, 2023 йилда 437 000 тага ошган. Худди шу давр мобайнида ушбу битимлар қиймати 631 миллион евродан 9,66 миллиард еврогача кўтарилган.
Транспорт аnd Environment (Т&E) тадқиқотига кўра, Хитой брендларининг Европа Иттифоқининг BEV бозоридаги улуши 2019 йилдаги 0,4 фоиздан 2023 йилда 7,9 фоизгача ошган. Мазкур тенденция давом этса, 2027 йилга келиб, 20 фоиздан ошиши мумкин.
Еврокомиссиянинг мазкур қарори Пекинни ғазаблантириши шубҳасиз, у қўл қовуштириб ўтирмаслигини ҳамда божлар жорий этилишини кузатмаслигини айтган. Хитой Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги ва авиация соҳаларини жавоб зарбалари учун нишон сифатида кўрсатган.
Изоҳ (0)