Ёз фасли бошланиб, мева ва резаворлар ғарқ пишадиган вақт ҳам келди. Улар нафақат мазали, балки соғлиқ учун кони фойдадир. Ҳозирда Ўзбекистонда гилос мавсуми бошланди. Бугун ушбу ажойиб меванинг фойдали томонлари, кунлик истеъмол нормаси ҳамда унинг баъзи зарарлари ҳақида сўзлашамиз.
Гилоснинг фойдали хусусиятлари
Гилос таркибида антиоксидантлар, А, C, К витаминлари, минераллар (калий, магний, калций) ва ўсимлик толалари мавжуд. Шунингдек бу мева:
- танани шикастланишдан ва сурункали касалликларнинг ривожланишидан ҳимоя қилади (юрак касалликлари, онкология, Альцгеймер касаллиги ва бошқалар);
- иммунитет ва суякларни мустаҳкамлайди;
- холестерин даражасини пасайтириш ва вазн йўқотишда истеъмол қилинади;
- хотира ва уйқу сифатини, юрак фаолиятини, шунингдек, метаболизм ва овқат ҳазм қилишни яхшилайди;
- тери ҳолатини яхшилайди.
Ҳар куни гилос истеъмол қилиш мумкин, бироқ эҳтиёткорлик зарар қилмайди.
Кунлик меъёр
Мутахассисларнинг таъкидлашича, гилоснинг кунлик меъёри 200 грамм, яъни тахминан бир стаканни ташкил қилади. Бу миқдор 110 ккал, 2 грамм оқсил, 1 грамм ёғ ва 21 грамм углеводларни ўз ичига олади. Диетологлар гилосни куннинг биринчи ярмида истеъмол қилишни тавсия этади.
Аммо гилос ҳаммага ҳам бирдек фойда бера олмайди. Қуйидаги шахслар ва соғлиғида муаммоси бор инсонларга гилос тавсия этилмайди:
- қандли диабет билан оғриган беморлар (қонда шакар даражасининг кўтарилишига олиб келиши мумкин);
- аллергияси борлар;
- ошқозон ва ичакда муаммолари бор инсонлар (диарея, ичак тизимида газлар пайдо бўлиши мумкин);
- буйракда тошлари бор беморлар;
- ҳомиладорлар (шишиб кетиш хавфи) ва эмизикли аёлларда (чақалоқда аллергия хавфи) ноқулайликларни келтириб чиқариши мумкин.
Изоҳ (0)