Грузия парламенти спикери Шалва Папуашвили “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу ҳақда у 3 июнь куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
Папуашвилининг таъкидлашича, қонун имзолангандан сўнг дарҳол кучга кирган. Эндиликда Тбилисидаги мухолифат партиялари Грузия президенти Саломе Зурабишвили таклиф қилган Грузия Хартиясини имзоламоқчи. Деярли барча мухолифат партиялари аввалроқ Хартияни қўллаб-қувватлашларини эълон қилган.
“Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонунда “хорижий агентлар” реестрини яратиш кўзда тутилган. Унга 20 фоиздан ортиғи хорижий компания ва шахслар томонидан молиялаштириладиган барча нотижорат юридик шахслар ва оммавий ахборот воситалари киритилади.
Ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси уни икки марта парламентга киритган. 2023 йил март ойида, биринчи марта жорий қилинганидан сўнг, у кўплаб норозиликлар туфайли бекор қилинганди. Бироқ 2024 йил апрелда “Грузия орзуси” уни қайта киритган.
Иккинчи марта, қонун муҳокамаси билан бирга келган оммавий норозиликларга қарамай, у қабул қилинган. 14 май куни Грузия парламенти уни учинчи ўқишда маъқуллаган. 18 май куни президент Саломе Зурабишвили қонунга вето қўйган, бироқ парламент ҳукмрон партиянинг кўпчилик овози билан уни бекор қилишга муваффақ бўлган.
Танқидчилар ҳужжатда Россиянинг “хорижий агентлар” қонуни билан яққол ўхшашликларни кўрганди, бу эса Россия расмийларига танқидий оммавий ахборот воситалари ва ташкилотларга нисбатан кескин чоралар кўриш имконини берган. Грузия ҳукумати мазкур қонун лойиҳаси давлат суверенитетини мустаҳкамлашда муҳим эканини даъво қилмоқда. АҚШ ва Европа Иттифоқи Грузияни бу қонунни қабул қилмасликка чақирганди.
Изоҳ (0)