АҚШ президенти Жо Байден Украинага Россия ҳудудини ўққа тутишда Америка қуролларидан фойдаланишга яширинча рухсат берди. Бу ҳақда Оқ уйдаги манбаларга таяниб, Reuters хабар берди.
Манбага кўра, Байден фақат Харьковга туташ ҳудудларда қуроллардан фойдаланишга розилик берган. Бу Киевга Россияга ҳужум қилишда Америка қуролларидан фойдаланилишига қатъий бош тортган АҚШ президенти сиёсатидаги ўзгаришларни кўрсатди.
“Президент яқинда ўз жамоасига Украинага Харьков вилоятидаги ҳужумларга қарши туриш учун Америка қуролларидан фойдаланиш имконини беришни буюрди, токи Украина уларга ҳужум қилаётган ёки уларга ҳужум қилишга тайёрланаётган Россия кучларига жавоб қайтара олсин”, — деди администрация расмийларидан бири.
Шунингдек, АҚШ расмийлари “армиянинг тактик ракета тизимларидан (ATACMS) фойдаланиш ёки Россияга узоқ масофали зарбаларни беришни тақиқлаш бўйича сиёсат ўзгармагани”ни айтди. Шу ҳафта АҚШнинг бир қатор иттифоқчилари Россиядаги нишонларга зарба бериш учун Украинага қуролларидан фойдаланишга рухсат берди. НАТО бу қарорни қўллаб-қувватлади.
Изоҳ (0)