Украина армияси Финляндиядан олинган қуроллар билан Россия ҳудудидаги нишонларга ҳужум қилиши мумкин. Бу ҳақда Финляндия ТИВ раҳбари Элина Валтонен маълум қилди.
Валтоненга кўра, Украина мудофаа уруши олиб бормоқда ва ўзини ҳимоя қилиш мақсадида “тажовузкор” мамлакат ҳудудида жойлашган ҳарбий нишонларга зарба бериш ҳуқуқига эга. Унинг қўшимча қилишича, Хельсинки ҳукумати мазкур ёрдамдан фойдаланиш бўйича ҳеч қандай аниқ чекловлар ўрнатмаган, бироқ Украина бу қуроллардан халқаро қонунларга мувофиқ фойдаланишини кутмоқда.
Аввалроқ НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг The Economist нашрига берган интервьюсида Ғарб давлатлари Украинага Россиядаги ҳарбий нишонларга ўзлари берган қуроллар билан ҳужум қилишига рухсат беришлари кераклигини айтган эди. Столтенберг қуролдан фойдаланиш бўйича чекловларни бекор қилиш вақти келганини таъкидлаган. Шу билан бирга, у сўнгги ҳафталарда Украинанинг Харьков вилоятида юзага келган фронтдаги оғир вазиятни эслаган.
Европа дипломатияси раҳбари Жосеп Боррел Столтенбергнинг фикрини қўллаб-қувватлаган. У Украинага Россия ҳудудидаги нишонларни йўқ қилиш учун Ғарб қуролларидан фойдаланишга рухсат бериш “уруш меъёрларига кўра мутлақо мумкин” ва халқаро ҳуқуққа зид эмаслигини айтган. Боррелнинг сўзларига кўра, бундай қарор тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айрим давлатлар чекловларни Россия билан муносабатларнинг янада кескинлашуви хавфи билан боғлаган.
Бироқ украиналиклар кескинлашув таҳдиди билан ўзларини ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлиши мумкин эмас, — дея қўшимча қилган Европа дипломатияси раҳбари.
Изоҳ (0)