Украинанинг Харьков вилоятидан 18 май куни 10 минг нафарга яқин фуқаро фавқулодда эвакуация қилинган. Бу ҳақда Харьков вилояти ҳарбий бошқармаси раҳбари Олег Синегубов берган маълумотга асосланиб, “ТАСС” нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, ҳудуддан жами 9907 нафар фуқаро эвакуация қилинган. Бунга сабаб сифатида эвакуация зонаси атрофида Россия ҳужумлари интенсивлашгани келтирилган.
“Ҳозирга қадар Чугуевский туманидан 2726 нафар, Харьковский туманидан 4037 нафар ва Богодуховский туманидан 118 нафар аҳоли вакиллари эвакуация қилинди. Кўнгиллилар яна 3026 кишини эвакуация қилган. Эвакуация қилинганларнинг умумий сони 9907 нафарни ташкил этади”, — дейилади Харьков вилояти расмийлари эълон қилган баёнотда.
Аввалроқ Украина расмийлари Харьков ҳудудида вазият оғир эканини тан олган эди. Украина Бош штаби 14 май куни мамлакат қуролли кучлари Волчанск шаҳри ва Лукянци аҳоли пункти яқинида қисман ортга чекиниб, қулай позицияларга жойлашганини маълум қилган. Ҳудудга қўшимча захиралар жойлаштирилгани эълон қилинган.
Украина президенти Владимир Зеленский 16 май куни Харьковда юқори мартабали қўмондонлар билан учрашув ўтказган. Президент вазият билан шахсан танишиб, ҳолатни ўта ўғир дея баҳолаган.
Россия Мудофаа вазирлиги Москва қўшинлари душман мудофаа чизиғига чуқур кириб боришда давом этаётганини билдирган. Харьков вилоятининг 10 га яқин аҳоли пунктлари эгаллангани маълум қилинган.
Изоҳ (0)