Украина АҚШдан Россия ҳудудида Америка қуролларидан фойдаланишга қўйилган чекловларни бекор қилишни сўради, деб хабар берди The Wall Street Journal манбалари.
Шунингдек, Киев Россия ҳудудидаги нишонларни аниқлашда ҳам АҚШдан ёрдам сўраган.
Сўров ўтган ҳафта олинган ва ҳозирда кўриб чиқилмоқда. Қайд этилганидек, Киев Россия армиясининг муваффақиятлари фонида Вашингтонга юзланди. WSJ фикрича, АҚШ рози бўлса, бу Оқ уй сиёсатида катта ўзгаришлардан дарак беради.
Бу сўров ҳақида аввал Politico ҳам хабар берган эди. Нашрнинг ёзишича, Украина Россия армиясининг Харьков вилоятида олдинга силжиши фонида АҚШдан Россия ҳудудига Америка қуролларидан зарба беришга рухсат беришни талаб қилмоқда.
Вашингтон Украинага узоқ масофали қуролларни юбориш шарти сифатида, улардан Россия ҳудудига зарба беришда фойдаланиш мумкин эмаслигини билдирган.
Давлат департаменти Қўшма Штатлар Россия Федерациясидаги нишонларга ҳужумларни қўллаб-қувватламаслигини маълум қилганди.
Изоҳ (0)