Берлиндаги Apple дўконига номаълум шахслар қизил бўёқ сепиб, “Free Cоngo” ёзувини ёзиб кетишди. Бу ҳақда Bild нашри маълум қилди.
Нашрнинг ёзишича, ҳужумчилар фасадга тескари қизил учбурчакни ҳам чизишган.
Воқеа дўкон очилишидан олдин содир бўлган. Тескари қизил учбурчак, деб ёзади газета, кўпинча ҲАМАС ҳаракати тарафдорлари томонидан қўлланилади. Дўкон ойналарига бир нечта плакатлар ёпиштирилган.
Воқеа сабаби, эҳтимол, Конгода кон саноатининг Apple манфаати йўлида кенгайиши бўлган, деб таъкидлайди Bild. Хусусан, Конгода уяли телефонлар ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хом ашё — кобалтни қазиб олишда хавфли меҳнат шароитлари мавжуд. “Apple, Tesla ва бошқа компаниялар фойда кўради, Конго аҳолисининг 70 фоизи эса ўта қашшоқликда яшайди”, деб таъкидлайди экология фаоллари.
Берлин полицияси аллақачон 32 ёшли гумонланувчини ҳибсга олган. Унинг шериги қочишга муваффақ бўлган ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қидирилмоқда.
Изоҳ (0)