Украина президенти Владимир Зеленский 17 май куни маҳкумларни ҳарбий хизматга сафарбар қилишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини имзолаган. Бу ҳақда Украина маҳаллий нашрларига таяниб, “ТАСС” хабар берди.
Манбада айтилишича, янги қонун миллий хавфсизликка нисбатан тажовузкор жиноятларда айбланганлар, қотиллар, жинсий зўравонлик туфайли қамалганлар, педофиллар, алкоголь ёки гиёҳванд модда таъсирида ўлимга олиб келган автоҳалокат содир этган ҳайдовчилардан ташқари барча маҳкумларни ҳарбий хизматга чақиришни назарда тутади.
“Лойиҳа президент имзоси билан тасдиқланди”, — дейилади Олий Рада сайтида эълон қилинган хабарда.
Ушбу қонун имзоланганидан бир кун ўтиб, 18 май санасидан кучга кириши хабар қилинган. Қонун лойиҳасида маҳкумлар ҳарбий хизматга чақирилиш учун ўз розилигини бериши, шунингдек уларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби белгилаб берилган.
Украина Адлия вазирлиги узоқ вақтдан бери маҳкумларни ҳарбий хизматга олишга чақириб келган. Адлия вазири Денис Малюска аввалроқ минглаб маҳкумлар Украина армияси сафига қўшилиш истагини билдирганини хабар берган.
Вазир янги қонун билан камида 50 минг нафар маҳкум армияга олиниши мумкинлигини айтган. Украина ҳукуматининг бошқа манбалари эса бу миқдорни 20 минг деб тахмин қилган.
Изоҳ (0)