Москва давлат университети Ижтимоий тармоқларда урушни қораловчи постлар қолдирган украиналик талабани ўқишдан четлатди. Бу ҳақда The Moscow Times нашри хабар берди.
Хабарда келтирилишича, талаба Сергий Гулько урушга қарши постлари учун муқаддам бир неча бор ҳибсга олинган ва тушунтиришлардан сўнг қўйиб юборилган. У айни дамда Москва давлат университетининг бакалавр босқичида таҳсил олаётгани маълум қилинган.
Апрель ойи бошидан бери Сергий Гулько бир қатор қонунбузарликларда айбланган. У Украинани қўлловчи, урушни қораловчи ва экстремистик мазмундаги чақириқлар билан чиққани маълум қилинган.
Талаба ижтимоий тармоқдаги Украинага қарши кенг кўламли уруш учун Москвани бомбардимон қилишга чақирувчи постлари сабаб аввалроқ 12 сутка қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 26 апрель куни эса Москва суди талабани депортация қилиш ҳақида қарор чиқарган.
Россия қўшинлари шаҳримни вайрон қилди, улар мамлакатимга ўт очди. Оқибатда яқинларим ҳалок бўлди, — деган Гулько қолдирган постларида.
“Медиазона” Гулько депортацияни кутаётган муҳожирлар учун мўлжалланган ҳибсхонага жойлаштирилгани ҳақида хабар берди. Қатор манбалар у Грузияга депортация қилиниши ҳақида ёзган.
Изоҳ (0)