Буюк Британия ва Украина 100 йиллик ҳамкорлик бўйича музокараларни бошлади. Бу ҳақда Буюк Британиянинг Киевдаги элчихонаси хабар берди.
Бу масала Украина президенти Владимир Зеленский ва Буюк Британия ташқи ишлар вазири Девид Кемероннинг Киевга ташрифи чоғида бўлиб ўтган учрашувида муҳокама қилинди.
“Янги келишув икки давлат ўртасида тўлиқ муносабатлар: савдо, хавфсизлик ва мудофаа, фан ва технология, таълим, маданият ва бошқа кўплаб соҳаларда мустаҳкам алоқаларни ўрнатади”, — дейилади баёнотда.
Бундан ташқари, Кемерон Украинанинг энергетика инфратузилмаси учун 36 миллион фунт стерлинг миқдоридаги ёрдам ажратилишини тасдиқлади. Мамлакатнинг муҳим инфратузилмасига қилинган ҳужумлар тўлқинини тиклаш учун фавқулодда молиявий ёрдам сифатида 20 миллион фунт стерлинг ва Innovate Ukraine танлови ғолиблари учун яна 16 миллион фунт стерлинг ажратилади.
Эслатиб ўтамиз, Кемерон кеча, 2 май куни Киевга ташриф буюрган эди. Зеленский ижтимоий тармоқларда Кемерон билан учрашув чоғида британиялик вазирни фронтдаги вазият ҳақида хабардор қилганини маълум қилди.
“Буюк Британиядан ўтган ҳафта эълон қилинган қўллаб-қувватлаш пакетида кўзда тутилган қуроллар, биринчи навбатда, зирҳли машиналар, ўқ-дорилар ва турли хил ракеталар келиши муҳим”, — деди Украина президенти.
Изоҳ (0)