АҚШда 54 ёшли Че Ген Ан хотинини уриб, пичоқлаб, тириклайин кўмишга урингани учун 13 йилга озодликдан маҳрум этилди. Унга рафиқаси ва болалари билан мулоқот қилиш тақиқланди. Бу ҳақда Тhе New York Times хабар берди.
Маълум қилинишича, гумондор 2022 йилда ҳибсга олинган, суд ҳукми эса энди эълон қилинган. У хотинини шафқатсизларча уриб, пичоқлаган. Аёл эри уни скотч билан боғлаб, машинага ортиб, ўрмонга олиб кетишидан аввал Smart Watch ёрдамида полицияга қўнғироқ қилган. Эркак ўрмонда уни саёз чуқурга кўмиб кетгач, аёл у ерда 12 соат давомида қолиб кетган ва ташқарига чиқишга муваффақ бўлган.
Эркак март ойида қотилликка уринганлик бўйича айбини тан олган. Унинг адвокатига кўра, эркак травмадан кейинги стрессдан азият чеккан, хатти-ҳаракатларига таъсир қилган “жуда кўплаб дори-дармонлар” қабул қилган.
Айбланувчининг ўзи “ҳар куни афсус ва пушаймонлик ҳисси билан уйғонишини” айтган. Суд жараёнида аёл фарзандлари билан ҳамон қўрқувда кун кечириши, турмуш ўртоғи унга руҳий ва жисмоний зарар етказганини билдирган.
Изоҳ (0)