ИШИДга алоқадорликда гумонланган ўзбекистонлик эркак уни топишга қаратилган глобал саъй-ҳаракатларга қарамай, икки йил давомида АҚШда эркин яшагани аниқланди. Бу ҳақда NBC News хабар берди.
33 ёшли ўзбекистонлик Жавоҳир Аттоев яқинда Балтиморда Иммиграция ва божхона хизмати (ICE) томонидан ИШИД алоқадорликда айбланиб ушланган. У 2022 йил февраль ойида АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган ва Чегара хизмати томонидан қўлга олинган. Бироқ ўша пайтда унга қарши маълумот аниқланмагани туфайли гаров эвазига озод қилинган.
Бироқ 2023 йилнинг май ойида Ўзбекистон томони халқаро баёнот бериб, Аттоев ИШИДга алоқадорликда айбланиб, ватанида қидирувга берилганини маълум қилган. Деярли бир йил ўтиб, 2024 йилнинг март ойида, АҚШ ҳукумати Аттоевнинг бошпана сўраган мурожаатини кўриб чиқаётганида, у халқаро қидирувга берилганини аниқлаган.
Шундан сўнг Иммиграция ва божхона хизмати (ICE) Аттоевни 17 апрель куни Балтиморда ҳибсга олган. ICE веб-сайтига кўра, у ҳозирда Пенсилванияда ҳибсда сақланмоқда. Келаси ҳафта Нью-Жерсидаги иммиграция судида суд жараёни бўлиб ўтади.
“ICE адвокатлари унинг ИШИД билан потенциал алоқалари ҳақида кўпроқ маълумот тўплаш учун унинг ҳибсда қолиши борасида баҳслашиши кутилмоқда”, — дейилади хабарда.
АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтган шахсларга камида беш йил давомида қонуний равишда қайта кириш тақиқланади. Ноқонуний миграцияга ёрдам берувчи оила аъзолари ва бошқа кишилар ҳам доимий равишда АҚШ визаси олиш ҳуқуқига эга эмас деб топилиши мумкин. АҚШ мамлакатда қолиш учун қонуний асосга эга бўлмаган Ўзбекистон фуқароларини ушбу давлатдан чиқариб юбориш учун Ўзбекистон ҳукумати билан яқиндан иш олиб бормоқда.
Изоҳ (0)