Туркия қуролли кучлари 3 май куни Ироқ шимолидаги ҳарбий операция пайтида 32 нафар курд жангарисини йўқ қилган. Бу ҳақда Anadolu нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, аксилтеррор операция Ироқ шимолидаги Ҳафтанин, Гара, Ҳакурк ҳудудларида амалга оширилган. Махсус операция зонасига кириб келган террорчиларга жиддий зарбалар берилган.
32 нафар жангари йўқ қилингани ҳақидаги маълумотни Туркия Миллий мудофаа вазирлиги тасдиқлаган. Айни дамда турк ҳарбий контингенти жойлашган ҳудуд атрофида вазият барқарор эканлигини маълум қилинган.
“Террорга қарши операция минтақадаги сўнгги жангари йўқ қилинмагунча давом этади. Террорчи ташкилотларнинг кучайишига йўл қўймаймиз. Курашимиз қатъият билан давом эттирилади”, — дейилади вазирлик хабарида.
Расмийлар йўқ қилинган террорчилар Курдистон ишчи партиясига алоқадор эканлигини айтган. Улар Туркиянинг чегара ҳудудлари ва ҳарбий объектларида ҳужумлар ташкил этишни режалаштиргани маълум қилинган.
Маълумот ўрнида, Курдистон ишчи партияси 40 йилдан ортиқ вақтдан бери Туркия ва Яқин Шарқ ҳудудида террорчилик ҳужумлари ташкил этиб келади. Партия расман Туркия, АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган. Партия уюштирган терактлар оқибатида умумий 40 минг нафардан ортиқ одам, жумладан, аёллар, болалар ва гўдаклар ҳалок бўлгани хабар қилинади.
Изоҳ (0)