Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармасига қурилаётган кўп қаватли уйлардаги квартиралар учун пул тўлаган аҳолидан МЧЖ мансабдор шахсларини жавобгарликка тортишни сўраб мурожаат келиб тушди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, пойтахт ИИББга бир нечта фуқаролар ариза билан мурожаат қилиб, янги қурилаётган кўп қаватли уйлардаги хонадонлар учун тўловни амалга оширгани, бироқ МЧЖ томонидан шу кунга қадар хонадонлар топширилмагани сабабли уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ўтказилган текширув жараёнида аниқланишича, 1977 йилда туғилган Обид Шарипов Мах-House Group МЧЖни ташкил қилиб, ўзининг шериклари — 42 ёшли Ахтам Осимов ва 35 ёшли Азизбек Самандаров билан содир этган.
Жумладан, Обид Шарипов МЧЖ номидан Учтепа ва Чилонзор туманларида қурилаётган кўп қаватли уйлардаги хонадонларни сотишини маълум қилиб, фуқаролардан хонадонлар учун тўловларни қабул қилиб олган. Ваҳоланки, ушбу кўп қаватли уйлар қурилиши учун ҳеч бир мутассадди ташкилотлардан рухсат олмасдан ва уй қуришга керакли бирон-бир ҳужжатларга эга бўлмасдан, кадастр ҳужжатлари йўқ бўлган хонадонларни фуқароларга сотишлигини билдириб, алдов йўли билан жуда кўп миқдордаги пулларни ўзлаштириб олган.
Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов жараёнида Шариповга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Гумонланувчилар Самандаров ва Осимов терговдан қочиб яширингани сабабли, улар қидирувга берилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Фуқаролардан ушбу шахслардан жабр кўрган бўлса ёки қидирувдаги шахсларнинг қаерда экани ҳақида бирор маълумотга эга бўлса, пойтахт ИИББнинг 71−206−42−28, 71−206−49−46 ёки 102 рақамларига мурожаат қилишлари сўралади.
- 2023 йил август ойи бошида бош вазир Абдулла Арипов Тошкентда уй сотиб олмоқчи бўлган мингдан ортиқ фуқароларни чув туширган Аziya Invest Favorit МЧЖ қурилиш фирмаси масаласи бўйича жабрланганлар билан учрашув ўтказганди.
- Ўша йилнинг сентябрь ўрталарида эса Тошкентда уй оламан деб чув тушган мингдан ортиқ фуқароларга уй қуриш бошланган эди.
Изоҳ (0)