Ҳаяжонланганда ёки қаттиқ қўрққанда юракнинг тез-тез уриши одатий ҳолдир. Аммо баъзи шахсларда юрак қисқариши сабабсиз тезлашади ва у худди ҳалқумга келгандек ёқимсиз ҳис пайдо бўлади. Бу ҳолат тахикардия деб аталади ва бир неча марта такрорланиши шифокор кўригидан ўтишни талаб этади.
Кучли тахикардиянинг сабаблари
Юрак уриш ритми ички ва ташқи тизим орқали бошқарилади ҳамда эндокрин безлар ва нерв системаси билан узвий ҳолда ишлайди. Юракнинг ички ўтказувчан системаси Гис тутами ва Пуркине толаларидан иборат бўлиб, улар юрак қоринчаларини боғлаб туради. Айнан шулар юракнинг тўғри қисқаришида ва томирларга қон етказиб беришда муҳим рол ўйнайди. Юқоридаги илмий иборалар бир оз мураккаб туюлар, аммо қуйидаги маълумотни диққат билан ўрганиш орқали тахикардия сабабларини тушуниш мумкин:
- Юрак ўтказувчан тизимининг ишдан чиқиши организмда умумий қон айланиши ва мушакларнинг қон билан таъминланишининг бузилишига олиб келади. Бу ҳолат ишемик касалликлар, аритмияни келтириб чиқаради.
- Эндокрин ёки вегетатив асаб тизимининг ишдан чиқиши ҳам тахикардияга сабаб бўлади. Гиперфункция ёки тиреотоксикоз касалликлари миокардит ёки пулс секундига 120 тагача урадиган ўта кучли тахикардияга олиб келади.
- Буйракусти безларидаги саратон вегетатив нерв тизимини шикастлайди ва пулс уришини тезлаштиради.
- Климакс (менопауза) — жинсий фаолиятнинг сусайиб, кексая бориш даврига ўтиш палласида аёлларда гормонал ўзгаришлар рўй беради ва юрак уриши тезлашади.
Қуйидагилар ҳам юрак касалликларига сабаб бўлади:
- аччиқ, ёғли ва шўр овқатлар;
- спиртли ва энергетик ичимликлар;
- чекиш ва гиёҳванд моддалар;
- ҳавоси шамоллатилмайдиган хонада доимий қолиш;
- бирор маҳсулот ёки дорига аллергик реакция.
Кучли тахикардияда нима қилиш лозим?
Кучли юрак уриши, нафас етишмаслиги бошланса ва бир дақиқа ичида ўтиб кетмаса, тез ёрдамга қўнғироқ қилинг. Бундай пайтда ҳар бир дақиқа муҳимдир. Қалин ва томоқни ёпадиган кийимларни ечинг, тоза ҳаво келишини таъминланг, совуқ сув ичинг. Тахикардия ҳужум қилганда қуйидаги томчи дориларни қабул қилиш мумкин:
- валокордин;
- валидол;
- валериан экстракти;
- корвалол.
Шунингдек, юзни муздек сув билан ювиш, пешонага муз қўйиш, бўйин орқасини ҳам муздек нам сочиқ билан артиш кабилар енгил тортишга ёрдам беради. Тахикардия бошланганда оёқда тик турмаслик, чуқур нафас олиш кабилар ҳам кўмак беради.
Изоҳ (0)