Эндокрин тизим гормонлар ишлаб чиқарадиган ва организмда содир бўладиган ҳаётий жараёнларни тартибга соладиган ички секреция безлари марказидир. Қалқонсимон без асаб ва иммун тизимлари билан боғлиқ ҳолда ишлайди.
Бу жараёнларнинг бузилиши жиддий касалликларга олиб келади. Касаллик кучайиб кетмасидан аввал эндокринолог шифокор билан маслаҳатлашиш, унинг салбий оқибатлари олдини олиш зарур.
Қуйидаги аломатлар қалқонсимон без билан боғлиқ муаммолардан дарак беради:
- бўйин олд қисмида ноқулайлик ҳис қилиш;
- томоқда шиш пайдо бўлиши;
- чарчоқнинг кун сайин кучайиб бориши, заифлик;
- титроқ, юрак тез уриши;
- кўп терлаш ёки аксинча терининг қуруқлашиб кетиши;
- тана вазнининг кескин ортиши ёки камайиши;
- апатия, депрессия, жаҳлдорлик ва асабийлик кузатилиши;
- сочлар тўкилиши ёки танада ортиқча туклар пайдо бўлиши;
- юзга бесабаб ҳуснбузарлар тошиши;
- оғиз бўшлиғининг қуриши, доимий чанқоқ;
- тез-тез бош оғриши ва уйқусизлик.
Юқоридаги белгилардан бир нечтаси кузатилиши қалқонсимон безнинг дисфункцияси ва эндокрин тизимда бузилишларни англатиши мумкин.
Қалқонсимон без функциясининг бузилиши жиддий оқибатларига, жумладан: ҳайз даврининг кескин ўзгариши, бепуштлик, либидонинг пасайиши, аменорея (6 ойдан ортиқ муддат ҳайз кўрмаслик) каби нохуш аломатларга олиб келади. Шунинг учун ўз вақтида шифокор кўригидан ўтиб туриш, соғлиққа ғамхўрлик қилиш ниҳоятда муҳимдир.
Изоҳ (0)