Афғонистоннинг Балх вилоятида “Толибон” номаҳрам аёлга қўл тегизган эркакни жамоат олдида қамчилади. Бу ҳақда мамлакат Олий суди хабар берди.
![](/static/2024/04/03/photo_2024-04-03_14-45-53-ZxCXKg0m.jpg)
Суд “номаҳрам аёлга тегинишда” айбланган шахсни 25 дарра қамчилаш ва олти ой қамоқ жазосига ҳукм қилган. Айбдорни қамчилаш жазоси 2 апрель куни омма олдида ижро этилган.
“Ноқонуний алоқалар ва ҳаромга тегиниш зино саналади, ислом динида бу фаҳш иш ҳисобланади, айбдор жазога лойиқ”, — дейди Балхдаги “Толибон” арбитраж суди раҳбари Муҳаммад Гулаб Фаруқий.
Бундан олдин ҳам “Толибон” одамларни ноқонуний муносабатлар, зинокорлик ва уйдан қочиш айбловлари билан суд қилиб, омма олдида қамчилаган. 2 апрель куни “Толибон” Олий суди томонидан Хост ва Қандаҳор вилоятларида беш кишига қамчилаш жазоси берилган.
Бу одамларнинг жазоланиши жамоатчилик орасида норозиликка сабаб бўлга ва танқидчилар буни инсон қадр-қимматига зид деб ҳисоблайди. Аммо яқинда “Толибон” етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода айбдорларни очиқ тарзда, жумладан, айбланувчиларни омма олдида қамчилаш ва аёлларни тошбўрон қилишни давом эттиришга чақирганди.
Изоҳ (0)