Эрон президенти Иброҳим Раисий Исроил билан нормал муносабатларга киришишни истаётган Яқин Шарқ давлатлари ҳаракатлари ҳақида фикр билдириб, бундан ҳеч қандай самара йўқлигини маълум қилди. Бу ҳақда IRNA нашри хабар берди.
Эрон президент 3 апрель куни қаршилик гуруҳлари етакчиларининг виртуал йиғилишида иштирок этар экан, сионистик режим билан муносабатларни нормаллаштириш мағлубиятга учраётган отга пул тикиш билан баробар эканлигини айтган. Бу билан Теҳрондаги раҳнамо Исроил режимининг ҳарбий кампанияси тугаш арафасида эканига ишора қилган.
“Бугунги кунда муроса қилиш билан боғлиқ режалар тарих архивига тушиб қолган ҳамда фаластинликлар иштирокисиз бирор-бир режани амалга ошириш мумкин эмас”, — дея қўшимча қилган Раисий Яқин Шарқдаги қаршилик кучлари вакилларига мурожаат қилиб.
Ушбу видеомулоқот Эрон, Ироқ, Ливан ва Яман қаршилик фронти етакчилари томонидан Халқаро Қуддус куни арафасида Исроилнинг Ғазо сектори ва ундан ташқаридаги тажовузини муҳокама қилиш учун ташкил этилган. Учрашувда тўғридан тўғри “Ҳизбуллоҳ”, “Ансоруллоҳ” ва “Ироқ Исломий қаршилик ташкилоти” вакиллари иштирок этган.
“Фаластинликларнинг жасорати туфайли бугун барчага аён бўлдики, сионистик тузумнинг мўрт уйи ўргимчак тўридан ҳам кучсизроқдир. Фаластин ишғоли давом этар экан, йилнинг ҳар бир куни Қуддус куни бўлади”, — деган Раисий.
Учрашувда раҳбарлар ўзаро ҳаракатларни янада мувофиқлаштиришга келишиб олишган.
Изоҳ (0)