“Толибон” Исроилнинг Дамашқдаги Эрон консуллигига ҳужумини хавфсизликка таҳдид яратишга қаратилган провокацион ҳаракат, деб атади ва уни қоралади. Бу ҳақда Aamaj News хабар берди.
“Толибон” дунё ва минтақанинг нуфузли давлатларини Исроилнинг Ғазо ва ундан ташқаридаги “жиноятлари”нинг олдини олишга чақирди.
“Исроил режими жиноятларининг давом этиши бир томондан жаҳон минтақаси хавфсизлиги учун жиддий таҳдидга айланган бўлса, иккинчи томондан халқаро қонунлар ва ташкилотларнинг таъсирчанлиги борасида жиддий саволлар туғдирди”, — деди Афғонистон ташқи ишлар вазири матбуот котиби Абдул Қаҳар Балхий.
Исроил 1 апрель тунда Дамашқдаги Эрон консуллигини нишонга олди. Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллаҳиён мазкур ҳужум муносабати билан Америка жавобгарликка тортилиши кераклигини айтди. Ҳужум оқибатида 2016 йилгача Ливан ва Суриядаги “Қудс” элита кучларига раҳбарлик қилган Эрон ҳарбий маслаҳатчиси генерал Муҳаммад Ризо Зоҳидий, унинг ўринбосари генерал Муҳаммад Ҳоди Ҳожи Раҳимий ва яна беш эронлик зобит ҳам ҳалок бўлди.
Эрон расмийлари Исроилнинг F-35 ҳарбий самолётлари консуллик биносини бир неча ракета билан нишонга олганини айтди. Теҳрон ҳужум халқаро қоидаларни, хусусан, 1961 йилги дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенциясини қўпол равишда бузишини билдириб, халқаро ҳамжамият ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан буни кескин қоралашни сўради.
Изоҳ (0)