1510 йилда Марв жангида Шайбонийхоннинг кутилмаган мағлубияти Мовароуннаҳр ва Хуросондаги сиёсий вазиятни мутлақо ўзгартириб юборди. Шайбонийхоннинг аянчли вафотидан ваҳимага тушган ўзбек султонлари Мовароуннаҳрни ташлаб, Туркистон томонга чекинди. Аммо кейинчалик ўзбек султонлари Убайдуллахон атрофида бирлашиб, Мовароуннаҳрни Эрон истибдодидан озод этди.
“Дарё” тарихий рукндаги суҳбатларни давом эттирган ҳолда, бу сафар Ўзбекистон тарихида муҳим ўрин эгаллаган шахс, Шайбонийлар сулоласининг учинчи энг йирик вакили, шоир ва давлат арбоби Убайдулла султон ҳақида тарих фанлари доктори, профессор Акбар Замонов ва тарихчи Улуғбек Исмоилов билан суҳбатлашди.
– Суҳбатимиз бошида Убайдуллахоннинг болалик йиллари ва тахтга ўтиргунга қадар бўлган фаолиятига тўхталиб ўтсак.
Акбар Замонов, тарих фанлари доктори, профессор:
– Убайдуллахон Шайбонийлар сулоласида Муҳаммад Шайбонийхондан кейинги энг йирик шахс ҳисобланади. У амакиси Шайбонийхон даврида бирор ҳудуднинг ҳокими сифатида бошқариб, ҳарбий юришларда қатнашиб, сайқал топиб борди. Убайдуллахон 1486—1487 йиллар оралиғида Хоразмдаги Яманитирсак мавзесида дунёга келган. Ушбу ҳудуд ҳозирги Амударёнинг сўл томонига тўғри келади. Бу вақтда Шайбонийхон ва унинг укаси Маҳмуд Султон мулксиз, юртсиз саргардонликда ҳаёт кечирар эди. Убайдуллахон Маҳмуд Султоннинг ягона фарзанди ҳисобланади. Буни тасдиқловчи фактлар бор.
Убайдуллахоннинг фаолиятини тўртта хронологик босқичга бўлиш мумкин.
Биринчи давр – бу Убайдуллахоннинг амакиси Шайбонийхон қўл остида сайқал топиш даври ҳисобланади. Бунда Убайдуллахон амакисининг ёки оталиқларининг кўрсатмаси асосида фаолият юритган. Масалан, Шайбонийхон Мовароуннаҳрни эгаллаганида, у 15 ёш бўлган. Бу ёш Ўрта асрларда балоғат ёши бўлиб, шаҳзодалар ҳарбий муҳорабаларда жонбозлик кўрсатадиган вақт бўлган.
Иккинчи давр – 1504 йилдан бошланади. Чунки бу вақтда Убайдуллахоннинг отаси Маҳмуд Султон Қундуз шаҳрида вафот этади. Шундан сўнг Бухоро меросий мулк сифатида Убайдуллахонга ўтади. У 1512 йилгача Бухоро ҳокими сифатида фаолият юритади. Ўша вақтда Бухоро ҳокими бир вақтнинг ўзида вилоят қўшинларининг қўмондони ҳам ҳисобланган.
Учинчи давр – 1512 йилдан 1533 йилгача бўлган вақтни қамраб олади. Бу вақтда Убайдуллахон мамлакатни ноиб сифатида бошқаради. Шайбонийлар сулоласида ўзидан олдин ёши улуғ бўлган шаҳзодаларни олиб чиқиб, ўзи ноиб вазифасида мамлакатни бошқараётган шахс иккита. Биринчиси, Убайдуллахон. Иккинчиси, Абдуллахон. Туркий тўра анъаналарига мувофиқ тахтга сулола ичидаги ёши катта шаҳзода чиқиши керак эди.
Тўртинчи давр – 1533—1540 йиллар ҳисобланади. Бу даврда Убайдуллахон расман хон сифатида тахтни эгаллайди. Чунки 1533 йилда Кўчкунчихоннинг ўғли Абу Саид вафот этгач, сулола ичида Убайдуллахондан ёши катта шаҳзода қолмайди. У мамлакатни Бухородан туриб бошқаради. Айни шу вақтда Бухоро хонлигининг тамал тоши қўйилади.
Юқорида санаб ўтган даврларимиз оралиғида Убайдуллахон Ўрта Осиё тарихида йирик саркарда, давлат арбоби, дин уламоси, шоир ва адабиётшунос бўлиб етишиб, камол топди. Убайдуллахон 54 йил умр кўрган ва шу вақт оралиғида ўзидан катта из қолдирди. Бу изларни топиб, ўрганиш ишлари узоқ вақтдан бери давом этиб келмоқда. Чунки Убайдуллахон “шахслар пантеони” (тарихда ўтган шахсларни ўрганиш учун тузилган рўйхат – таҳр) рўйхатидан бир тушиб, бир рўйхатга қайта киритилиб келинаётган шахслардан бири ҳисобланади.
– Муҳаммад Шайбонийхон 1510 йилда Марв яқинидаги Шоҳ Исмоилга қарши жангда ҳалок бўлади. Мана шундан сўнг Шайбонийлар орасида катта бир таҳлика юзага келди. Ҳатто сулола вакиллари Мовароуннаҳрни ташлаб чиқиб кетишди. Шундай бир мураккаб вазиятда ўзбек султонларни қандай қилиб бирлаштира олди?
– Марв жанги 1510 йил 2 декабрь куни содир бўлган. Ушбу жангда шайбонийлар жуда катта йўқотишга учраган, кўплаб шайбоний саркардалар ҳалок бўлган. Шундан сўнг шайбонийлар дастлаб Мовароуннаҳрга, кейин эса Туркистон (ҳозирги Сирдарёнинг шимоли – таҳр.)га чекинишган. 1511 йилда Заҳириддин Муҳаммад Бобур Эрон ҳукмдори Шоҳ Исмоилдан 7 минг лашкар олиб, Самарқандни эгаллайди. Албатта, Самарқанд эгалланишидан олдин Бобур шайбонийларни Ҳисор даласида мағлуб этади. Самарқанд эгаллангач, келишувга кўра Бобур Мовароуннаҳрда Шоҳ Исмоилнинг ноиби бўлиши керак эди. Шунингдек, Бобур Самарқандда Шоҳ Исмоил номига хутба ўқитган. Шундан сўнг Мовароуннаҳр ва Самарқанд халқининг Бобурга нисбатан кайфияти ўзгарди. Шу кайфият натижаси ўлароқ халқ Туркистонда турган Убайдуллахонга “бизни Эрон истибдодидан озод қилинг” деган мазмунда мактуб йўллашади. Бу мактубга Убайдуллахон дарров жавоб бера олмаган. Чунки бу вақтда шайбоний султонлар тарқоқ бўлиб кетган эди. Буни Убайдуллахоннинг ўз шеърида ифода этган.
Мовароуннаҳрдан бўлаётган чақириқлар ва йирик уламо Абдулла Ямани (Мир Араб)нинг даъватлари натижасида Убайдуллахон Туркистондаги бор қўшини билан Мовароуннаҳрга келади. Манбаларда ёзилишича, унинг қўшиннинг сони 1500-1800 нафар бўлгани ёзилган. Ҳатто камончиларни ўқидаги садоқларининг пати ҳам йўқ бўлгани айтилади. Яъни Убайдуллахоннинг қўшини хароб ҳолда бўлган.
Буни билган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз дипломатиясини ишга солиб, Эрон саркардаларига катта-катта ўлжалар бериб, уларни тезроқ ортга қайтариб юбориш пайига тушади. Бу орқали Бобур халқнинг ва аристократиянинг муҳаббатини ўзига қайтармоқчи эди. Бунинг учун у хутбадан Шоҳ Исмоил номини олиб, зарб этилган тангаларни йиғиб олишни бошлади. Аммо бугунги кунгача нумизматикамизда Шоҳ Исмоил номига зарб этилган тангалар топилмаган. Шунингдек, Бобур ўзини Самарқандда мустақил ҳукмдор деб эълон қилиб, ўзига хутба ўқитади, лекин ёй камондан чиқиб бўлган эди.
Бу вақтда Эрондаги Шоҳ Исмоилга Бобур берган ваъдасига вафо қилмагани ҳақида хабар етиб боради. Шундан кейин Шоҳ Исмоил девонбеги (бош вазир) Нажимиддин Ёр-Аҳмад (лақаби Нажми Соний) бошчилигидаги 15 минглик лашкарни Бобурни жиловлаб келиш учун Мовароуннаҳрга жўнатади. Нажми Соний бошлиқ қўшин Хуросонда ўзига катта миқдорда лашкар қўшиб олади.
Бу вақтга келиб Убайдуллахон бошчилигидаги шайбонийлар лашкари Ғиждувон орқали Бухорога келиб, шаҳарни қамал қилишни бошлайди. Бобур эса шайбонийларни қувиб юбориш учун Самарқанддан Бухоро томон йўлга тушади. Сабаби шайбонийлар қўшини катта бўлмаган. Бобурни келаётганини Убайдуллахон ҳарбий ҳийла ишлатиб, Бухорони қамал қилишни тўхтатиб, ортга чекинишган. Бобур бўлса Шайбонийлар ортга чекинди деб, қўшиндаги жанговар шайлик ҳолатини бекор қилиб, Бухоро томонга юришни давом эттиради. Бироқ кутилмаганда Убайдуллахон Кўли Маликда Бобурга ҳужум қилади ва Бобур Ҳисорга чекинади. Ушбу жанг 1512 йилнинг апрель ойига тўғри келади. Бу вақтда Эрондан йўлга чиққан Нажми Соний бошчилигидаги қўшин Амударё бўйига келиб қолганди.
Нажимиддин Ёр-Аҳмад Бобурнинг мағлубиятидан хабар топиб, Шоҳ Исмоилдан олган буйруғини эсдан чиқариб, мустақил ҳаракат қилишни бошлайди. Нажми Соний ўз олдига Ҳисорга чекинган Бобурни чақириб олиб, у билан биргаликда шайбонийларга қарши юришни бошлайди. Эрон қўшини Чоржўй яқинидан Амударёни кечиб ўтиб, Қарши шаҳрини қамал қилишни бошлайди. Манбаларда Нажимиддин Ёр-Аҳмад 15 мингга яқин аҳолини қатл этгани ҳақида маълумотлар бор. Ҳатто Эрон саркардалар шаҳарда бегуноҳ инсонлар, сайидлар ҳамда аҳли илм вакиллари борлигини, уларни омон қолдиришни айтишади. Бироқ Нажми Соний бунга кўнмайди. Бу қатлиом кўзланган мақсад – бутун Мовароуннаҳрни таҳликага солиш эди.
Қаршидаги қатлиомдан сўнг Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Нажмиддин Ёр-Аҳмаддан ихлоси қайтади. Нажми Соний доим Шоҳ Исмоилга Бобурни тийиб туриш кераклигини уқтириб келган. Тарихчи Зайниддин Восифий ўзининг “Бадал ул-Боқий” асарида Нажми Соний “Темур пойтахти Самарқандни ер билан битта қилиб, полиз даласига айлантириб, ундан олинган илк қовунни Шоҳ Исмоилга етказаман. Шундан кейин Хитойга қўшин тортаман”, деб қасам ичгани ҳақида ёзади. Бундан хабар топган Мовароуннаҳр халқи Убайдуллахонда атрофида бирлашишни бошлади.
1512 йилнинг кузида Ғиждувонда Нажмиддин Ёр-Аҳмад ва Бобурнинг бирлашган қўшинлари билан Убайдуллахон бошчилигидаги шайбонийлар ўртасида жанг бўлиб ўтади. Жанг бошланишидан олдин Бобур Нажми Сонийни тарк этади. Шунингдек, бир нечта Эрон саркардалари ҳам Нажмиддин Ёр-Аҳмаддан юз ўгиришади. Боиси Шоҳ Исмоил уларга бошқача топшириқ берган эди. Эрон лашкаридаги тарқоқликдан Убайдуллахон фойдаланган ҳолда Нажми Сонийни мағлуб этади. Жанг вақтида Нажми Соний асирга олинади. Шунда Убайдуллахон Нажмиддин Ёр-Аҳмадга “асирга тушганлар қатл билинмаслигини билмасмидинг”, деб савол беради. У эса “йўқ билмасдим” деб жавоб беради. Убайдулла султон “ахир бу нарса Қуръонда ёзилган” деганида, Нажми Соний “мен Қуръонни ўқимаганман” деб жавоб қайтаради. Шунда Убайдуллахон “наҳотки, Шоҳ Исмоил мусулмон подшоҳ бўла туриб, шариатни ва Қуръонни билмаган инсонни бундай катта лавозимга қўйди” деб таажжубланган. Убайдуллахон кейинчалик давлат бошқарувида ҳар доим шариатдан хабари бор, Қуръонни ўқишни биладиган инсонларни лавозимга қўйган.
Нажми Соний Убайдуллахонга жонини сақлаш эвазига 50 минг олтин танга беришни таклиф қилади. Аммо Убайдуллахон буни рад этади ва Нажимиддин Ёр-Аҳмадни қатл қилдиради. Шундай қилиб шайбонийлар давлатини асраб қолади. Мана шу билан биз Убайдуллахоннинг ўзбек давлатчилигида тутган ўрнини белгилашимиз зарур. Яъни у бу ерларни Эрон истибдодидан сақлаб қолган шахс ҳисобланади. Агар Нажимиддин Ёр-Аҳмад бу ерларни қўлга киритганида, бугун ўзбек давлатчилиги бу ерда бўлмаслиги мумкин эди.
Улуғбек Исмоилов, Тошкент иқтисодиёт ва педагогика институти ўқитувчиси:
– Баъзи амалга оширилган ишлар яхшиликка хизмат қилиб кетади. Убайдуллахоннинг тахтга келишига дин ҳам катта рол ўйнаган. Чунки айнан дин омили туфайли Мовароуннаҳр халқи Бобур томонга эмас, балки шайбонийлар томонга ўтади. Сабаби Бобур Эрон билан ҳамкорликда ҳаракат қилаётганди. Бундан ташқари, Шоҳ Исмоил Эронда сунний мазҳабни тақиқлаб, шиа мазҳабини ёйишга қилган ҳаракатлари Мовароуннаҳрдаги сиёсий жараёнларда таъсир кўрсатади.
Акбар Замонов, тарих фанлари доктори, профессор:
– Ҳар бир давлат арбоби мавжуд вазиятдан ўз манфаати йўлида фойдаланилишга ҳаракат қилади. Айнан Самарқандда Эрон шоҳи номига хутба ўқилиши Убайдуллахон учун айни муддао бўлди. Чунки Убайдуллахон бундан фойдаланиб, халқни ўз томонига оғдирган.
– Дастлаб нима учун Шайбоний султонлар Убайдуллахон атрофида бирлашмаган?
Акбар Замонов, тарих фанлари доктори, профессор:
– Шайбоний султонлар орасида Эрондан қўрқув жуда кучли бўлган. Чунки улар Шайбонийхонни ўта қудратли зот сифатида кўришган. Шайбонийхон Марв жангида боши кесилиб, ўта таҳқирли ўлим топиши бошқа шайбоний султонларга қаттиқ таъсир қилган. Шундан кейин барча султонлар ўз мулкларини асраш пайига тушишган. Амир Абдулла Яманийнинг ўзи ҳар бир ўзбек султонларининг олдига бориб, уларни даъват қилган. Ўша вақтда 20 га яқин султон бўлган.
Ғиждувон жангидан кейин қўлга тушган маблағнинг бош саркардага тегган қисмини Убайдуллахон амир Абдулла Яманийга беради. Абдулла Яманий эса бу маблағ эвазига Мир араб мадрасасини қурдиради ва шу мадрасага вақф мулкини ташкил қилади. Яъни Ғиждувон жангининг маънавий аҳамияти ҳам бор.
– Убайдуллахоннинг сўнги йиллари қандай кечган?
Акбар Замонов, тарих фанлари доктори, профессор:
– Убайдуллахон 1540 йил 17 март куни вафот этган. Унинг вафот этгунга қадар қилган энг катта иши бу – Хуросон юришлари бўлган. Убайдуллахон умумий ҳисобда 6 марта юриш қилган. Бунинг асосий сабаби – амакиси Шайбонийхон учун ўч олиш бўлган. Шайбонийлар ва сафавийлар ўртасидаги зиддият 100 йилга яқин давом этган. Убайдуллахон ўз ажали билан вафот этади ва Бухородаги Баҳовуддин Нақшбанд зиёратгоҳига дафн этилган.
Убайдулла султондан 2 та ўғил фарзанд қолгани тарихий манбаларда келтирилади. Катта ўғли – Абдулазизхон, иккинчи ўғли – Муҳаммад Раҳим султон. Абдулазизхон отасидан кейин Бухоро тахтини эгаллайди. Аммо ундан ворис қолмаган. Шундан кейин Муҳаммад Раҳим тахтга чиқади ва ундан Бурҳон исмли фарзанд қолади. Бурҳон султон эса бир муддат Бухоро хони бўлган. Убайдуллахоннинг авлодлари бор-йўғи 1557 йилгача Бухорода ҳукмронлик қилган. 1557 йилда Абдуллахон Бурҳон султондан Бухорони тортиб олади ва мамлакатни Бухоро атрофида марказлаштиради.
Изоҳ (0)