Мозийга қараб иш кўриш хайрли, дейдилар. Шунга кўра биз ҳам бугунги суҳбат мавзусини тарих рукнидан танладик. Маълумки, ҳар бир халқнинг келиб чиқиш ва ривожланиш тарихи мавжуд. “Дарё” бугун ўзбек халқининг халқ сифатида шаклланиш босқичлари ва тарихи ҳақида тарих фанлари доктори, профессор Ғайбулла Бобоёров, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Мунира Хатамова ва тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Суръат Кубаевлар билан суҳбатлашди.
– Ўзбек халқининг ҳам бой тарихи мавжуд бўлиб, у халқ бўлиб шакллангунга қадар узоқ ва мураккаб этник жараёнларни бошдан кечирган. Ўзбек халқининг этногенези ва келиб чиқиши неча асрлик тарихга эга?
Ғайбулла Бобоёров, тарих фанлари доктори, профессор:
– Ўзбек давлатчилиги 3 минг йиллик тарихга эга. Милоддан олдинги VI-VII асрларда қадимги Хоразм, Бақтрия, Сўғд ва кейинчалик Чоч ҳамда Фарғона негизида, яъни Амударё ва Сирдарё оралиғига тўғри келадиган ҳудудларда яшовчи ўтроқ халқлар билан кўчманчи туркий халқларнинг қўшилиши натижасида ўзбекларнинг илк аждодлари шаклланган, деган қараш мавжуд. Шундан кейин қанча сулолалар бу маконда ҳукмронлик қилган бўлса, уларга тарихимизнинг бир бўлаги сифатида қараймиз.
Дунёда тарихига ёндашиш турлича. Айрим ҳудудларда миллат деганда бошқа нарсалар тушунилади. Масалан, бизнинг ҳудудда миллат бўлиш учун ўзининг алоҳида тили, маданияти ва номи, яъни ўнлаб ўзлик омиллари бўлиши керак. Айрим олимлар бир миллатнинг одамлари бир-бирига ўхшаши кераклигини ёки қадимдан бир ном билан аталиши кераклигини таъкидлашади. Лекин Марказий Осиёдаги барча миллатлар бу категорияларга мос тушмайди. Мисол учун, ўзбек деган ном 3 минг йилдан бери йўқ. Фақат кейинги 500-600 йилдан буён ёзма манбаларда учрай бошлади. Ундан олдин турк деган ном бўлган. Турк номининг ҳам 1,5-2 минг йиллик тарихи бор. Ундан олдин қандай ном бўлган деб сўрасангиз, бақтрияликлар, суғдийлар ва кўчманчи хунлар деган бўлиш мумкин.
Миллатнинг этник номи вақт ўтгани сари ўзгариб туради. Тўғри, японлар 3-4 минг йилдан бери бир ном билан келаётган бўлиши мумкин. Лекин Европа халқларининг ҳам номлари вақт ўтиши билан ўзгариб борган. Мисол учун, французлар – роман, испанлар – лотин халқлари деб аталган. Яъни кўплаб халқларнинг номи кейинги давр маҳсули. Хусусан, Марказий Осиёдаги халқларнинг ҳам.
Мунира Хатамова, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори:
– Миллат тушунчаси яқин 100 йилликлардаги маҳсулот ҳисобланади. Тўғри Марказий Осиё ҳудудида кўплаб қадимги маданиятлар мавжуд. Қадимдан бу маконда инсонлар яшаб келган, лекин бу ерда ҳозирги ўзбекларнинг аждодлари яшаганми? Бу номаълум. Чунки бу ҳудудда миграция, яъни кўчиб юришлар кўп бўлган. Айрим тарихчи олимлар Марказий Осиё ҳудудида форсий забон халқлар ҳаёт кечиргани ва вақт ўтиши билан туркий қабилалар бу ерларга кўчиб келганини таъкидлайди. Лекин бу жуда баҳсли масала.
Суръат Кубаев, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори:
– Бу масалага Марказий Осиёнинг жойлашуви жиҳатдан ёндашиш керак. Чунки бу ерлар бир қанча қадимий цивилизацияларни боғловчи макон ҳисобланади. Яъни бу ҳудудга келиб кетувчи халқлар жуда кўп бўлган. Шу боисдан бизнинг генимиз доим ўзгариб турган. Тўғри, ҳозир олимлар ўртасида бу ҳудудда форсий тилда сўзлашувчи халқлар ёки туркий халқлар яшагани борасида катта баҳс кетмоқда. Лекин миллий ўзликнинг шаклланишида энг биринчи ўринда инсонлар ўзини ким деб қабул қилганига қараш керак. Чунки бир ҳудудда яшаган халқ ўзини умуман бу ердаги халқларга алоқаси йўқ деб ҳисоблаши мумкин.
Марказий Осиё халқларининг келиб чиқиш илдизлари борасида шуни айтмоқчиманки, туркий тилли халқларнинг ўрни жуда катта бўлган. Сабаби туркий халқлар минтақадаги кейинги сиёсий жараёнларни тубдан ўзгартирган, янги этнос сифатида қўшилиб, турли хил жамоаларни ўзига қовуштириб, янги бир бирликни шакллантирган. Шу нуқтайи назардан биз фақат битта илдизни, яъни кўчманчи турклар қабилаларини яққол аждод сифатида кўришимиз керак. Чунки бу ердаги халқлар вақт ўтиши билан ўзини туркийлик билан боғлаган.
Бугунги тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, туркий халқлар бу ердаги шаҳарларда ҳам катта қисмни ташкил қилгани, уларни ўзига хос маданияти шакллангани, бу ердаги халқлар билан ўзаро маданий алмашинув қилганлигининг тасдиғи кўп топилмоқда. Бу Турк хоқонлиги даври (552–747)га бориб тақалади.
– Академик Аҳмадали Асқаровнинг ўзбекларнинг шаклланиши бронза даврига бориб тақалиши ҳақидаги концепцияси-чи?
Суръат Кубаев, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори:
– Ҳар бир цивилизация 3 минг йил олдин бошланиши шарт эмас. Масалан, мезоамерика цивилизациялари жуда кеч бошланган. Лекин улар юқори маданият намуналарини ярата олди. Олдинги тарихчи олимларимиз бизнинг келиб чиқишимизни жуда қадимги даврга боғлашга ҳаракат қилган. Бизнинг цивилизацияни жуда қадимий деб талқин қилиш нотўғри. Чунки биз кейинроқ ривожланиб, ўзига хос маданият яратдик.
Ғайбулла Бобоёров, тарих фанлари доктори, профессор:
– Ҳар бир цивилизация одамга ўхшайди. Ҳар бир ёши катта одамнинг ичида “мен кучлироқман, мен каттаман”, деган қараш ётади. Олимлар ҳам ўз халқининг қадимийлигини намоён қилишга ҳаракат қилади.
– Биз ўтган аждодларимизни улуғлашни жуда яхши кўрамиз. Гўё улар идеал инсонлар бўлгандек. Бу қанчалик тўғри талқин?
Ғайбулла Бобоёров, тарих фанлари доктори, профессор:
— Бу тарихни улуғлаш билан боғлиқ. Телевидение ва китоблар орқали тарихни улуғлаш инсонлар онгига сингдирилган. Агар сиз асл тарихни айтадиган бўлсангиз, сизни ташқи таъсирга тушиб қолганликда айблашади.
Суръат Кубаев, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори:
– Ёритиш билан пропаганданинг ўртаси қилчалик. Лекин кўпчилик тарихчи олимларимиз масалага субъектив ёндашиб, тарихни пропаганда кўринишига олиб келиб қўяди. Масалан, пропаганданинг оқибатларини Россия мисолида яққол кўришимиз мумкин. Яъни тарихни антагонистик ёндашув билан ўрганмаслик керак. Тарихни яхши ёки ёмонга ажратиб бўлмайди.
Мустақиллик йиллари тарихимизни пропаганда кўринишига олиб келиб қўйдик. Масалан, “хунлар бизнинг авлодимиз эмас, улар бизга бегона”, дейиш даражасига етдик. Бу юқорида айтган қилнинг нариги томонига ўтиб кетиш ҳисобланади. Аслида тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, бу ҳудудга кўчиб келган барча бизнинг аждодларимиз. Шунингдек, тарихни ёритишда антагонистик ёндашувга берилиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобурни идеал шахс сифатида кўтариб, Шайбонийхонни қоралади, яъни тарихни пропаганда даражасига кўтардик.
Кейинчалик, асл тарихни ёритганларни қабул қила олмадик. Мисол учун, ўзбек халқининг шаклланишида кўчманчи-чорвадор халқларнинг ўрни катта, шулардан бири Шайбонийхон бошчилигидаги ўзбек қабилалари деб айтсак, халқ бунга ишонмаяпти. Шунинг учун тарихни пропаганда кўринишига олиб бормаслик керак. Бу салбий оқибатларга олиб келади.
— Мустақиллик йилларида Марказий Осиё давлатлари ўз тарихини улуғлаб ёритишга ҳаракат қилди. Бу минтақанинг ўзаро интеграциясига қандай таъсир кўрсатди?
Мунира Хатамова, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори:
– Мустақилликнинг илк йиллари Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов ва Қозоғистон биринчи раҳбари Нурсултон Назарбоев Марказий Осиё мамлакатларини бирлаштириш учун ҳаракат қилди. Аммо лидерларнинг шахсий амбициялари ўзаро интеграцияга халақит берди. Яъни минтақада ким лидер бўлиш масаласи. Иккинчидан эса Марказий Осиёда ким азалдан мавжуд, деган масала кўтарилди. Бу борада 90 йиллардан бошлаб, то 2000 йилларгача олимлар ўртасида тортишувлар юзага келди. Масалан, Туркманистон ўзининг “Руҳнама” китобини, Қирғизистон “Манас” китобини, Қозоғистон “Кўчманчилар” (трилогия) китобини, Ўзбекистон эса ўтроқ халқ бўлганини исботлашга ҳаракат қилди. Бир сўз билан айтганда, ҳамма аравани ҳар қаёққа тортди. Натижада эса чорак аср давомида минтақада интеграция фалажланди. Агар Марказий Осиё давлатлари ўзининг тарихи, ҳудуди ва муаммолари битта эканлигини англаганида, ҳозир ҳолат бошқача кўринишда бўлар эди.
Ўзбекистонда кўчманчилар ҳаёти ҳақида тадқиқот олиб бормоқчи бўлганимизда, айрим эътиборли олимларимиз “бизда кўчманчилик деган нарса йўқ, ана кўчманчилик қозоқларда бор” деб эътироз билдирган. Лекин 80 йилларда Ғарб олимлари Марказий Осиё ҳудудида тадқиқот ўтказганда, ўтроқ қабилалар билан кўчманчи қабилалар доим ўзаро яқин муносабатда бўлиб келганини аниқланган. Лекин бизнинг олимларимиз бу тадқиқотни тан олмади. Масалан, академик Юрий Федорович Буряков Чоч (ҳозирги Тошкент) воҳаси кўчманчи ва ўтроқларни боғлаб турувчи ҳудуд эканлигини ўз тадқиқотларида айтиб ўтган.
Милодий IV асрларда Осиёдаги хун қабилалари Амударё ва Сирдарё оралиқларига кириб келиб, бу ердаги ҳукмдорларни ағдариб, ўрнига ўз ҳукмдорларини қўйган. Лекин баъзи олимларимиз бу ерларда хунлар бўлганини тан олмайди. Шуни унутмаслигимиз керакки, мўғуллар босқини юз бергунча бўлган даврда Марказий Осиёдаги кичик воҳа ҳукмдорлари катта империялар қўл остида вассал бўлган. Бу ерда вассал бўлишни нотўғри тушуниш керак эмас.
– Минтақада регеонализмни ривожлантириш учун қандай тарих ёзишимиз керак?
Ғайбулла Бобоёров, тарих фанлари доктори, профессор:
– Марказий Осиё бу — бир катта столдек гап, яъни бир катта маконни умумий макон деб ҳисоблашимиз мумкин. Агар минтақада регеонализмни ривожлантирмоқчи бўлсак, ота-боболаримиз қандай йўл тутганлигига бир назар солишимиз керак. Улар қўни-қўшни бўлганидан кейин тинч-тотув яшаш кераклигини тушуниб етган. Шунинг учун ота-бобларимиз этник низолар келиб чиқмаслиги учун қуда-анда бўлган. Ёки бўлмаса, ёзма манбаларда Хоразмшоҳлар даври (1097-1221) ёки Темурийлар даври (1370-1507 таҳр) бўлсин Амударё ва Сирдарё оралиғидаги халқлар турк-у тожик деб аталган. Мисол учун, сулолалар турклардан бўлса, вазирлар форс-тожиклардан бўлган. Агар Марказий Осиё давлатлари келажакда интеграцияга киришмоқчи бўлса, мана шу томонларга ҳам эътибор қаратишимиз керак.
Айрим олимларимиз ичида фақат тили бир-бирига ўхшаш бўлганлар бир бўлиши керак, дейдиганлари ҳам топилади. Лекин ҳозирги реал вазият бошқа нарсани тақозо қилмоқда. Қозоқ, тожик, қирғиз, туркман ва ўзбеклар тарихдан бир-бири билан аралашиб ҳаёт кечириб келган. Мана шундан келиб чиқиб ёндашишимиз керак.
Мунира Хатамова, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори:
– Бирлашув бўлиши учун ташқи таъсир ҳам бўлиши керак. Ҳозир империализмдан воз кечилган бўлиши мумкин, лекин бу фақат қоғозда! Лекин аслида империялар бугун ҳам мавжуд. Агар ўша империялар Марказий Осиё давлатларини қайтадан мустамлака қилиб олишни истаб қолса, нима қиламиз? Ёки бўлмаса экологик таҳдидлар ҳам бор. Шунинг учун региондаги муаммоларни ҳамжиҳатликда ҳал қилишимиз зарур. Бундан ташқари, бу маконда турли дин вакиллари ўзаро биргаликда яшаган. Ҳеч ким бир-бирини ажратмаган. Бу маконда буддистлар, насронийлар ва мусулмонлар бўлган. Мана шу нарсаларни тўғри ўрганиб, тўғри хулосага келишимиз керак.
– Ўзбек номининг келиб чиқиши қайси даврга бориб тақалади?
Суръат Кубаев, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори:
– Аввало ўзбек номининг келиб чиқиши ва ёйилиши борасида XVI асрга назар ташлашимиз керак. Ёзма манбаларда XVI асрдан бошлаб бу ҳудудларга кўчманчи ўзбек қабилалари кириб келгани ҳақида маълумотлар учрайди. Яъни ўзбек номини тарқалишида Шайбонийлар катта рол ўйнаган. Бундан ташқари, бугунги кунда ўзбек номини Дашти Қипчоқ ҳудудларида ҳукмронлик қилган Ўзбекхон (1282-1341) билан боғлаш ҳаракатлари ҳам бор.
– Бир миллат номини бир шахсга боғлаш қанчалик тўғри?
Суръат Кубаев, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори:
– Миллат номини бир киши олган бўлиши мумкин, лекин битта шахснинг номи миллат даражасига кўтарилиши жуда қийин ва катта муддат талаб қилади. Чунки этносларни шаклланишида маълум бир кишининг номи эмас, балки бир жамоанинг номи кишиларга ном бўлиб ўтиши яқинроқ. Шу боисдан айтиш мумкинки, ўзбек номининг ёйилишини XVI асрда бизни ҳудудимизга кириб келган сўнгги кўчманчи чорвадор халқларнинг келиши билан бевосита боғлиқ.
Бир қизиқ жиҳати борки, ташқаридан бошқа халқлар келаётган бўлса, бу ердаги халқлар қандай шаклланади, деган келишмовчилик юзага келади. Бу жараёнда номларда ўзгариш юз беради. Чунки номлар қайси жамоанинг кўплиги ва бошқарувда эканлигига қараб ўзгаради. Масалан, энг қадимги даврда Евросиё даштларида доим лидер халқнинг номи бутун ўша ҳудудда яшаган кўчманчи жамоаларнинг умумий номига айланиб кетган. Мисол учун, Сак маданияти, Сарматлар маданияти, Хун маданияти. Аслида бу жамоалар бутун Евросиё даштларида кўчиб юрган, яъни маданиятлар лидер халқнинг номи билан аталган. Шу боисдан айтишимиз мумкинки, XVI асрдан пайдо бўлган ўзбек номининг кенг ёйилишига энг катта омил – Марказий Осиёни янгидан бирлаштира олган янги жамоанинг бошқарувга келиши бўлди.
Ғайбулла Бобоёров, тарих фанлари доктори, профессор:
– Шайбонийлардан аввал бу ўлкада темурийлар ҳукмрон эди. Темурийлар даврида бу ерда турк номи кенг ёйилган бўлган. Дашти Қипчоқда ўзбек номи остида бирлашган халқлар ҳам аслида туркий халқлар эди. Яъни ўзбеклар Дашти Қипчоқдан Амударё ва Сирдарё оралиғига кўчиб келганида, бегона муҳитга тушиб қолмаган. Чунки сулолалар фарқли бўлса-да, бу ҳудудларда миграция кўп бўлган. Шу сабабли ўзбеклар бу ердаги халқлар билан бирлашиб кетган. Мана шундай жараён қозоқларда ҳам биз билан бир вақтда юз берди. Масалан, қорақалпоқлар Волга дарёси ва Орол бўйларида кўчиб юрган. Улар ҳам туркий эди. Тўғри, қирғиз номи милоддан олдинги III асрда пайдо бўлган. Лекин бугунги қирғиз халқининг шаклланишида Дашти Қипчоқдаги ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ ва нўғайлар ичидаги миграция уларнинг тилига ва маданиятига таъсир қилди. Яъни Марказий Осиё ҳудудидаги барча халқлар бир даврнинг маҳсули ҳисобланади.
Сардор Али суҳбатлашди
Изоҳ (0)