Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон билан телефон орқали мулоқот қилиб, америкалик сиёсатчини Американинг Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини тасдиқлашга чақирди. Бу ҳақда Зеленский озининг Telegram каналида маълум қилди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, у Жонсонга “жанг майдонидаги вазият, айниқса, Россия ҳаво террорининг кескин кучайиши ҳақида” маълумот берган.
Бундай вазиятда Конгресснинг Украина учун ёрдамни тезда қабул қилиши жуда муҳим, — деди Украина президенти суҳбатда.
Унинг аниқлик киритишича, биргина ўтган ҳафтада Украина шаҳарлари ва жамоалари 190 та рус ракетаси, 140 та Shahed дрони ва 700 та бошқариладиган ҳаво бомбалари томонидан ҳужумга учраган, бундан ташқари, Россия авиазарбаларидан сўнг Украинанинг энг йирик гидроэлектр станцияси ишдан чиққан.
2023 йил кузидан бери АҚШ Конгрессида якунланадиган жорий молия йилида Украинага қарийб 60 миллиард доллар ҳарбий ёрдам ажратиш масаласи муҳокама қилинмоқда. Аввалроқ АҚШ Сенати якуний овоз беришда Украина, Исроил ва Тайванга умумий қиймати 95,3 миллиард доллар (тахминан 89 миллиард евро)лик ёрдам пакетини маъқуллаган эди.
Бироқ ушбу ёрдам пакети Вакиллар палатасида овоз беришдан ўта олмаган. АҚШ президенти Жо Байден президентлик сайловларидаги потенциал рақиби Дональд Трампни Украинага ҳарбий ёрдам бермасликда айблаган.
Россия қўшинлари Украинага янги йирик ҳужумни май ёки июнь ойининг охирида бошлаши мумкин. Бу таҳдидга қарши туриш учун ҳозир ёрдамга муҳтожмиз, — деди Владимир Зеленский CBS News’га берган интервьюсида.
Изоҳ (0)