АҚШ транспорт вазирлиги Балтиморда кема қулаши оқибатида зарар кўрган кўприкни дастлабки тиклаш ишлари учун 60 миллион доллар ажратди. Тегишли маълумотлар вазирликнинг 28 март куни эълон қилинган пресс-релизида келтирилган.
Хабарда айтилишича, маблағлар Мериленд штатидаги бирламчи фавқулодда вазиятларда кўприкни таъмирлаш, лойиҳалаш ва реконструкция қилиш харажатларига йўналтирилади. Транспорт вазири Пит Буттижичга кўра, пул фавқулодда федерал жамғармалар ҳисобидан ажратилади.
Президент Байден федерал ҳукумат кўприкни қайта қуриш ва Балтимор портини қайта очиш учун қўлидан келган барча ишни қилишини айтди, — деди транспорт вазири.
АҚШ президенти Жо Байден Балтимор кўпригининг қулаши кема ва унинг таянчининг тасодифий тўқнашуви натижаси эканини айтган. Унинг таъкидлашича, бу қасддан амалга оширилмаган.
АҚШ транспорт вазири Пит Буттижич кўприк қулаши оқибатида олти киши ҳалок бўлганини тасдиқлаган.
- 26 март куни маҳаллий вақт билан 01:27 да Балтиморда (Мериленд, АҚШ) юк кемаси кўприк таянчига урилиши натижасида узунлиги 2,57 км бўлган Френсис Скотт Кей автомагистрал кўприги сувга қулаб тушган эди.
- Кўприк таянчига бориб урилган Сингапур байроғи остидаги “Дали” кемаси ёниб, чўкиб кетган. Иншоотнинг қулаши натижасида ўнлаб автомобиллар дарёга қулаган.
- Кўприк 1977 йилда қурилган ва АҚШ миллий мадҳияси The Star-Spangled Banner муаллифи Френсис Скотт Кей шарафига номланган эди.
Изоҳ (0)