Фаластин президенти Маҳмуд Аббос Ғазо Фаластин давлатининг ажралмас қисми эканлигини, унинг бошқаруви албатта Ғарбий Соҳил қўл остига қайтишини маълум қилди. Бу ҳақда Anadolu нашри араб манбаларига таяниб, хабар берди.
Хабарда айтилишича, Фаластиннинг амалдаги раҳбари Маҳмуд Аббос Германия ташқи ишлар вазири Анналена Баэрбок билан учрашган. Учрашувда томонлар Ғазо анклавидаги сўнгги воқеаларни муҳокама қилишган.
“Президент Фаластин давлатининг Ғазо секторида ёки Ғарбий Соҳилда, шу жумладан, Шарқий Қуддусда бўлсин, ҳар қандай Фаластин фуқаросининг кўчирилишини қатъиян рад этишини яна бир бор таъкидлаб, Ғазо Фаластин давлатининг ажралмас қисми эканлигини билдириб ўтди. Исроил ҳукуматининг Ғазо секторини Фаластин ерларининг асосий қисмидан ажратиб, ўзига қўшиб олиш режалари ноқонуний эканлигини, Ғазонинг бир қарич ерини ҳам эгаллаб олиш мумкин эмаслигини маълум қилди”, — дейилади Германия томони тарқатган хабарда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгашининг Ғазода сулҳ бўйича яқинда қабул қилинган резолюциясига тўхталар экан, Маҳмуд Аббос уни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлаган. Президент, шунингдек, халқаро ҳамжамиятни давом этаётган ваҳший тажовуз натижасида Ғазога юз берган очарчиликка чек қўйиш учун барча ўтиш жойлари орқали секторга гуманитар ва тиббий ёрдам етказиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга чақирди.
Изоҳ (0)